Ўзбекистон | 23:45 / 16.04.2019
32556
6 дақиқада ўқилади

Шахсни тасдиқловчи ҳужжатга ўзгартириш киритиш тартиби қандай?

Ўзбекча исм-фамилиянинг русча талаффуз билан айтилиши, ҳаттоки шу ҳолатда ёзилишига кўп дуч келганмиз. Бундай қўпол бузилишлар нафақат кундалик сўзлашувда, балки расмий ҳужжатларда ҳам кузатилиши одатий ҳолга айланиб қолган. Исмга бундай ҳурматсизлик нафақат унинг маъносини ўзгартириб юбориши, балки ҳужжатлар алмашинувида бир қанча ноқулайликларни ҳам туғдириши мумкин.

Паспорт ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларда исм ва фамилиянинг русча муқобил асосида ёзилиши собиқ Cовет даври қолдирган мерослардан бири. Ўша даврда расмий идоралардаги рус мулозимлари исм-фамилияни расмийлаштиришда қандай эшитса, худди шундай муҳрлаган. Аммо бу ғализликлар ҳанузгача фамилиядан фамилияга ўтиб келмоқда.

Маълумотларга қараганда, исм-фамилияси ҳужжатларда нотўғри қайд қилинганларнинг 82 фоизи ҳужжатга ўзгартириш киритишни ортиқча ташвиш, деб ҳисоблагани учун ҳам хатони била туриб ўзгартирмасликни афзал кўради.

Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими вакилининг баён қилишича, паспортда кўрсатилган маълумотлар «Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома»да берилган маълумотларга мос келмаса, бунинг учун бошқарма жавобгар бўлади. 

«Аммо «Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома» да йўл қўйилган имловий хатолар учун «паспортний стол» масъул эмас. Чунки гувоҳномадаги маълумотлар ўз ҳолича паспортга кўчирилади», — дейди у. 

«Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олишда исм-шарифларни имло хатосиз ёзишга ҳаракат қиламиз. Чунки чақалоқ учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олгани келган ота ёки бошқа васий шахс исмни аризада ёзма равишда тақдим қилади. Биз уни имло луғатларидан текширамиз Агар хато бўлса, тўғри вариантини кўрсатиб, тушунтирамиз. Луғат ва соҳавий норматив ҳужжатларга таянамиз. 

Шунга қарамай, хатолар камаймаётганини кузатиш мумкин. Чунки «Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома»га боланинг фамилияси ота-онанинг паспортидан (агар бошқа фамилия берилмаса) бор ҳолича кўчирилади», —  дейди ФҲДЁ бўлими инспектори Лола Ҳожиева.

Инспекторнинг баён қилишича, эндиликда ФҲДЁ бўлимларида ота фамилиясидаги хато фарзандининг ҳужжатига тўғрилаб ёзилиши тартиби йўлга қўйилмоқда. Бироқ қонунчиликка асосан фақат ота-она розилиги билангина бундай ўзгартириш киритилиши мумкин. 

«Лекин аксарият бу хатоларнинг тўғриланишини онгли равишда рад этади. «Хато бўлса ҳам фамилиямиз бир хил бўлсин» , дейишади. Бу ҳолатда ФҲДЁ ходими фамилияни бор ҳолатида кўчиришга мажбур бўлади. Қонунчиликка асосан болага исм қўйиш ота-онанинг ҳуқуқидир. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага ҳам исм ота-она қандай хоҳласа, шундай ёзилади. Қўпол қилиб айтганда, ота-она била туриб хато ёзишни ҳам талаб қилиши мумкин, деган гап» , —  дея қўшимча қилди мутахассис.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» ги қарорида далолатнома ёзувларини ўзгартириш, тузатиш, тўлдириш ҳақида тегишли қоидалар белгиланган. Далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар, тузатишлар ва қўшимчалар киритиш етарли асослар мавжуд бўлганда ва манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлмаганда, ушбу ёзувлар сақланаётган жойдаги, агар улар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган бўлса, ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилади. 

ФҲДЁ органининг далолатнома ёзувларига ўзгартиришлар киритишни рад этиш юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Фамилия, исм, ота исмини ўзгартиришни истаган шахс 16 ёшга тўлгандагина унинг аризаси тегишли орган томонидан кўриб чиқилади. Агар 16 ёшга тўлган шахс паспорт ёки паспорт ўрнини босувчи шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат олгунга қадар фамилияси, исми, ота исмини ўзгартириш ҳақида ариза берса, у ҳолда аризага «Туғилганлик ҳақида гувоҳнома»  илова қилинади.

ФҲДЁ бўлими томонидан йиғилган ҳужжатлар тегишли текширув ўтказиш учун ички ишлар органга жўнатилади. Ички ишлар органи тақдим қилинган ҳужжатларни 30 кун мобайнида ўрганиб чиқади, ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исмини ўзгартириш хусусида асосланган хулоса тузади ва уни ФҲДЁ органига тақдим этади. Ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исмининг ўзгартирилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса тузилган тақдирда ушбу ҳолатнинг сабаблари аниқ кўрсатилиши керак.

Агар «Давлат тили тўғрисида» ги Қонуннинг 15-моддасига кўра исмига «-хон» , «-хўжа» , «-бону» , « -бегим»  каби, ота исмини ёзишда «-евич» , «-овна» , «қизи» , «ўғли»  каби қўшимчаларни киритишни ёки олиб ташлашни истаса, бу ҳолат шахснинг ёшидан қатъи назар, далолатнома ёзувига қўшимча киритиш йўли билан амалга оширилади. Аксинча, далолатнома ёзувида шахснинг исми қисқартирилиб, эркалаш шаклида ёки имловий хато билан ёзилган бўлса, далолатнома ёзувига тузатиш киритиш ушбу шахснинг аризаси асосида амалга оширилади.

Далолатнома ёзувига ўзгартириш киритишга етарли асослар мавжуд бўлганда, тегишли ўзгартиришлар киритилади ва ариза берувчига янги гувоҳнома расмийлаштирилиб, янги гувоҳномага «такрорий»  белгиси қўйилмайди.

Умуман олганда, исм-фамилиядаги хатони тузатиш кўпчилик ўйлаганидек ғалвали иш эмас, бу исмга ва тилга бўлган ҳурмат, турли ноқулай вазиятлардан қочиш учун ечимдир.

Саодат Абдураҳмонова

Мавзуга оид