Ўзбекистон | 10:56 / 17.04.2019
12761
2 дақиқада ўқилади

Барча истеъмолчиларнинг совуқ ва иссиқ сув счётчиклари хатловдан ўтказилади

Фото: РИА Новости/Максим Богодвид

Вазирлар Маҳкамасининг “Сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тартибга солинадиган нархларни (тарифларни) шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Белгилаб қўйилишича, сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тарифларни шакллантириш ва белгилашда истеъмолчилар учун кўрсатиладиган хизматлар таннархини тўлиқ қоплаш назарда тутилади, шунингдек, сув таъминоти ва канализация ташкилотларини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш харажатлари ҳисобга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги:

2019 йил 1 июлгача бўлган муддатда барча гуруҳдаги истеъмолчиларнинг совуқ ва иссиқ сув приборлари билан жиҳозланиши ҳамда ушбу приборларнинг текширилиш ҳолатини хатловдан ўтказади;

2019 йил 1 августгача бўлган муддатда “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда якка тартибдаги ва кўп квартирали уй-жой фондида совуқ ҳамда иссиқ сув приборларининг ўрнатилишини молиялаштириш манбалари ва тўлиқ якунлашнинг аниқ муддатлари назарда тутилган Совуқ ва иссиқ сувни ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш дастурини ишлаб чиқади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2019 йил 1 июлгача бўлган муддатда аҳолининг ичимлик сувни истеъмол қилиш нормативларини қайта кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди.

Низомга мувофиқ, сув таъминоти ва канализация ташкилотлари уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш органлари билан сув таъминоти ва канализация хизматлари тарифларини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Молия вазирлигига (молия органлари) мурожаат қилади.

Тарифлар Молия вазирлиги томонидан тегишли органлар тақдим қилган маълумотлар асосида декларация қилинади (тасдиқланади).

Тарифларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор у кучга киришидан 15 кун олдин эълон қилиниши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид