Ўзбекистон | 20:20 / 21.04.2019
8141
2 дақиқада ўқилади

Элёр Ғаниев АҚШ Савдо вазири билан учрашув ўтказди

16-17 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Элёр Ғаниев бошчилигидаги делегация ишчи ташриф билан АҚШда бўлди.

ТИВ матбуот хизмати хабар беришича, ташриф доирасида Элёр Ғаниев АҚШ Савдо вазири Уилбур Росс билан учрашув ўтказган. Унда Уилбур Росснинг 2018 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонга ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалга оширилиш жараёни қайта кўриб чиқилган.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга расмий ташрифи мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиққани, икки томонлама кун тартибининг барча соҳаларида тараққиёт кузатилаётгани, савдо ва сармоявий соҳадаги ҳамкорлик алоҳида ривожлангани, Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги савдо ҳажми ўтган йилда деярли икки баравар кўпайиб, қўшма корхоналар сони ортгани таъкидланган.

Фото: Ўзбекистон ТИВ

Учрашувда шунингдек, бир қатор муҳим қўшма тадбирлар, жумладан, 16-17 май кунлари Навоийдаги йирик бизнес-форум, 18-20 июнь кунлари АҚШ Савдо Вазирлигининг «сертификатланган савдо миссияси» ва 21-22 октябрдаги йиллик Ўзбекистон—Американинг бизнес-форумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинган.

Мавзуга оид