Жорий йилнинг 22 июль куни видеоконференцалоқа шаклида Ўзбекистон, Афғонистон ва Эрон вакиллари иштирокида транспорт соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш, учала томон учун бирдек манфаатли бўлган истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, йиғилишда Ўзбекистон томонига транспорт вазири Элёр Ғаниев, Афғонистон томонига мамлакат транспорт вазири Ямо Шамс, Эрон томонига эса мамлакатнинг йўл ва шаҳарсозликни ривожлантириш вазири Муҳаммад Исломи раҳбарлик қилди.

Онлайн мулоқот шаклида ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев бугун дунёда кузатилаётган коронавирус пандемияси сабаб давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар жиддий равишда мураккаблашиб бораётганини, мазкур вазиятда мамлакатлар ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан қўшма қарорлар қабул қилиш зарурлигини даврнинг ўзи тақозо этаётганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Таъкидланишича, бошқа давлатлар ўртасидаги юк ташиш ҳажми пасайиши кузатилаётган бир даврда Афғонистон йўналишида юк ташувлар ҳажми умумий динамикаси барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Жумладан, жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида темир йўл транспорти орқали Афғонистондан ва Афғонистонга юк ташувлари ҳажми 2,5 млн. тоннани ташкил этди. Бу 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 50,6 фоиз ўсишга эришилганини англатади. 

Айнан шунинг учун ҳам халқаро ҳамжамият Афғонистон ҳудудида амалга оширилаётган транспорт коридорларини ривожлантириш билан боғлиқ инфратузилма лойиҳаларига катта қизиқиш билдирмоқда. Айни шу жиҳатлардан келиб чиққан ҳолда учрашувда трансафғон темир йўлининг қурилиш масаласи ҳамда “Шимол-Жануб” транспорт коридори доирасида Эроннинг “Чохбохор” порти имкониятларидан унумли фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 

Шунингдек, учрашувда томонларнинг транзит потенциалини янада ривожлантиришда мавжуд қатор муаммолар хусусан, тариф масалалари, юк ташувлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган TIR тизимидан тўлиқ фойдаланиш, истиқболда электрон TIR тизимини жорий этиш ва давлатлар чегараларидаги божхона инфратузилмаларини яхшилаш каби масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш чораларини кўриш бўйича фикр алмашилди.