Жаҳон | 22:16 / 22.04.2019
39902
2 дақиқада ўқилади

Британияда гигант эшак топилди

Фото: Hans Solo / Твиттер

Британиянинг Линкольншир графлигидаги қўриқхонада сақланувчи 5 ёшли Деррик лақабли эшак тез орада дунёдаги энг катта эшакка айланиши мумкин. Бу ҳақда Nottinghamshire Live нашри хабар берди. 

Ҳозирда эшакнинг бўйи 170 сантиметрни ташкил қилади, бироқ у ҳамон ўсишда давом этмоқда.

“Эшаклар 7 ёшга етгач, ўсишдан тўхтайди. Шу сабабли Деррикда ҳали вақт кўп”, деб айтган қўриқхона эгаси Трейси Гартон.

Деррик Америка мамонт эшаклари турига мансуб бўлиб, унинг вакиллари дунёдаги энг йирик эшаклар ҳисобланади. Деррик ҳозирда дунёда энг катта эшак ҳисобланувчи, Техас штатидаги Ромулусдан бор-йўғи бир дюйм пастроқдир. 173 см бўйга эга ушбу эшак 2013 йилда Гиннесс рекордлар китобига киритилган. Деррикнинг эгалари у яқин орада рекордчидан ўзиб кетишига ишонишмоқда.  

Фото: NottinghamshireLive

Трейсининг айтишича, Деррик катта ўлчамга эгалигига қарамай, жуда ювош. 

“У гўёки катта итга ўхшайди. Изингдан қолмай, ҳамиша ёнингда бўлишни истайди”, деб таъкидлайди эшакнинг эгаси.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид