Манчестерда аномалия: «МЮ» «Сити» учун, «Ливерпуль» «МЮ» учун
Манчестер қизилми ёки кўк? «Юнайтед» чемпионни аниқлайдиган ўйин
Бугун Англия Премьер-Лигасида мавсумнинг энг марказий ўйини ўтказилади. «Манчестер Юнайтед» ўз майдонида «Манчестер Сити»ни қабул қилади. 31-турнинг қолдирилган ўйини ҳисобланган бу баҳсда катта эҳтимол билан мамлакат чемпионлиги масаласи ҳал бўлади.
Қисқача ўйиннинг аҳамияти ҳақида. «Ливерпуль» айни дамда 35 ўйиндан сўнг 88 очко тўплаб АПЛда етакчилик қилмоқда. «Сити» ҳисобида эса 86 очко бор, лекин Гвардиола жамоасида битта захира ўйини мавжуд. Ўша захира ўйини айнан бугун «Юнайтед»га қарши ўтказилади. Бугун «Сити» 3 очко олса, чемпионликни деярли нақд қилади. Чунки қолган турларда «шаҳарликлар» «Бёрнли», «Лестер» ва «Брайтон» каби жамоалардан максимал очко олиши мумкин, Клопп шогирдлари эса «Ҳаддерсфилд», «Ньюкасл» ва «Вулверҳемптон» каби жамоаларга қарши ўйинлар ўтказади.
Демак, бугун «Манчестер Юнайтед» Англия чемпиони ким бўлишига бевосита таъсир ўтказиши мумкин. Сульшер жамоаси учун ҳам ўйиннинг аҳамияти юқори. «МЮ» ғалаба қозонса, очколари сонини 67тага етказиб, 4-ўриндаги «Челси»га тенглашиб олади.
«МЮ» қайси «душманига» «дўстлик қилади»?
Жорий мавсум «МЮ» мухлислари учун ёмон ёки жуда ёмон якунланиши мумкин. Яъни, «Манчестер Сити» чемпион бўлса ёмон, «Ливерпуль» чемпион бўлса, жуда ёмон. «Сити» Манчестернинг зўрига айланганига анча бўлди (сэр Алекс кетганидан кейин), шу сабаб ҳамшаҳарларининг чемпионлиги «Юнайтед» учун энди унчалик қўрқинчли эмас. Аммо «МЮ» мухлислари «Ливерпуль» чемпион бўлишини қабул қила олишмайди.
Британиянинг энг кучли икки клуби айнан «МЮ» ва «Ливерпуль». Улар ўртасидаги ўйинни «Британия дербиси» деб атасак бўлади. «МЮ» мухлислари «Сити» ва «Ливерпуль»ни бир хилда хушламаслиги бор гап, лекин улардан қайси жамоа чемпион бўлиши нисбатан яхшироқ деб сўралса, «Сити»ни танлашади. «Юнайтед» фанатлари «Ливерпуль» 30 йилдан буён чемпион бўлмаганини айтиб, ҳазил қилиб юришади. Бу орада «МЮ» Англия чемпионлигидан «зерикиб кетган».
Аммо «Ливерпуль»нинг чемпионлиги «Юнайтед» мухлислари учун ҳазм қилиш оғир бўлган янгиликдир. Тасаввур қилинг, сиз азалий рақибингиз мухлисларини «Жамоанг чемпион бўлганида сен ҳали туғилмагансан», «30 йил олдин чемпион бўлган жамоангнинг номи нима эди?», деб масхара қилиб юрсангизда, ажойиб кунларнинг бирида ўша жамоа АПЛ ғолибига айланиб қолса. Етмаганига сизнинг жамоангиз АПЛда охирги марта 6 йил аввал чемпион бўлган. Шундай бўлса, «Ливерпуль» мухлислари «МЮ»чиларни нима деб масхара қилишларини тасаввур қилаверинг.
Манчестер бирлашадими?
«Манчестер Юнайтед» сўзининг маъноси «Бирлашган Манчестер» дегани. Бугунги дербидан аввал кўпчилик «Юнайтед» ва «Сити» «бирлашиши»ни айтиб ҳазил қилмоқда. Гўёки, «МЮ» азалий рақиби «Ливерпуль» чемпион бўлмаслиги учун «Сити»га ютқазишга ҳам тайёрдек. Аммо бу ўта мантиқсиз фикрлашдир. Чунки, «Юнайтед»да бирор ўйинни ютқазаман деб тушадиган футболчи йўқ. Гвардиола ўйиндан олдин шундай деди: «Майдонда энг кучли «Юнайтед»ни кўрасиз, чунки у ерда ғурурли йигитлар ўйнайди».
Умуман, Европанинг «кучли бешлик» чемпионатларида қайсидир жамоанинг бошқа жамоага ютқазиб бериши деган гап бўлиши мумкин эмас. Шу сабаб «МЮ» футболчилари бугун «Сити»ни мағлуб этиш учун майдонда борларини беришади.
«МЮ» «Сити»нинг байрамини бузишни яхши кўради
Ўтган мавсумда «Манчестер Сити» чемпионликни «Этиҳад»да ҳамшаҳари «Юнайтед»ни енгиб, нишонлаши мумкин эди, лекин Жозе Моуриньо шогирдлари «шаҳарликлар»нинг байрамини бузиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Ўшанда Жозе мағлубиятга учраётган жамоасига танаффусда нима деганини ёдингиздадир: «Мен уларга «Рақибнинг байрамини томоша қилиб ўтирадиган масхарабоз бўлишни хоҳлайсизми?», деб айтдим».
Жозе ҳар қанча ёмон мураббий бўлмасин, алоҳида ўйинларда жамоасини максимал даражада руҳлантира оларди. Кўрамиз, Оле буни қандай эпларкин? Бу норвегиялик мураббийнинг мураббий сифатида дербидаги илк ўйини бўлади. «Ливерпуль» билан учрашувда у дуранг ўйнаганди ва бу дуранг қайсидир маънода «Ливерпуль»нинг чемпионлик пойгаси учун курашида таъсир қилди.
«Сити» яққол фаворит
Бугунги ўйинда «Манчестер Сити» яққол фаворит. Чунки Чемпионлар Лигасидаги аламли мағлубият «Сити»ни яраланган шерга айлантирган. Гвардиола ўйиндан олдин жамоасида ҳеч қандай босим йўқлигини айтди: «Ҳозир уларнинг майдонига бориб ўйнаш қўрқинчили бўлмай қолди. Охирги 10 йилда «Сити»да ҳар икки жамоанинг имкониятларини тенглаштирган футболчилар келишди. Шу сабаб имкониятлар тенг».
Гвардиола имкониятлар тенг деб камтарлик қилмоқда, аслида «Сити»нинг имконияти сезиларли даражада юқори. ЕЧЛда яна ярим финалга чиқа олмаган Гвардиолани фақат АПЛ ғолиблиги овутиши мумкин. Агар шундай бўлса, Гвардиола сэр Алексдан сўнг АПЛда кетма-кет икки марта чемпион бўлган илк мураббийга айланади. «МЮ» 2006/07, 2007/08 ва 2008/09 йилда кетма-кет уч марта Премьер-Лига ғолиби бўлганди. Шундан буён ҳеч бир клуб АПЛда кетма-кет чемпионликни қўлга киритгани йўқ.
Хуллас, бугунги ўйинни томоша қилиш учун асослар етарли. «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль»дан қайси бири чемпион бўлишини ҳар икки жамоанинг азалий рақиби «МЮ»нинг қўлида қолиши ҳали тарихда кузатилмаган воқеа. Бундан ортиқ интрига бўлиши мумкинми? Тарихий ўйинни ўтказиб юборманг.
Англия Премьер-Лигаси
31-турнинг қолдирилган ўйини
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – МАНЧЕСТЕР СИТИ
Манчестер, «Олд Траффорд» стадиони.
Ўйин вақти (Тошкент вақти билан): 24 апрель, 23:55.
Мавзуга оид
11:13 / 10.11.2024
«Сити» инқирозда, «Ливерпул» олдинлаб кетди. Кун ўйинлари
16:05 / 08.11.2024
«Олд Траффорд»да «Аморим-бол»: Янги мураббий қўл остидаги «МЮ» қандай тактик ечимлар тақдим этади?
13:17 / 06.11.2024
ЕЧЛда сенсациялар куни. «Реал» ва «Сити» ютқазди
12:26 / 04.11.2024