Жаҳон | 21:20 / 24.04.2019
34245
2 дақиқада ўқилади

Зеленскийнинг штаби Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди

Украина президентлиги учун сайловда ғолиб чиққан Владимир Зеленскийнинг жамоасидагилар Россия президенти Владимир Путиннинг ДХР ва ЛХР ҳудудида яшовчилар учун паспорт бериш жараёнини соддалаштириш тўғрисидаги фармони туфайли РФга нисбатан санкцияларни кучайтириш зарурлигини маълум қилишмоқда.

Зеленскийнинг штабидагилар Россиянинг бу ҳаракатини «оккупация» белгиси сифатида қабул қилиш кераклигини қайд этишган.

«Вақтинча бизнинг давлат таркибида бўлмаган ҳудудларда яшовчи Украина фуқароларига Россия паспортини бериш ҳақидаги фармон билан Россия яна бир марта ўзини оккупант давлат сифатида гавдалантирди», дейилади Зеленский жамоаси баёнотида.

Штабдагиларнинг қўшимча қилишича, Украина «ўз манфаатлари ҳимояси масаласида халқаро ҳамжамият мадади»га умид қилади ва Россияга қарши дипломатик ва санкцион босимларни кучайтиришни сўрайди.

Бундан аввалроқ, Путин ДХР ва ЛХРда яшовчи аҳолига Россия паспортларини бериш тартибини соддалаштириш кўзда тутилган фармонини имзолаганди.

Қайд этиш керакки, Владимир Зеленский ўз сайловолди кампанияси давомида президент бўлса, Россиядан Донбассни қайтариб олишга ҳаракат қилишини бир неча бор таъкидлаганди.

Мавзуга оид