Ўзбекистон | 16:10 / 25.04.2019
17079
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Фото: Shutterstock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Қонун лойиҳасига кўра, тўловга қобилиятсизлик аломатлари қуйидагилар:

Қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги;

агар тегишли мажбурият ва (ёки) тўловлар мажбурияти юзага келган кундан эътиборан уч ой давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, қарздорга эса – шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага тўловлар мажбурияти юзага келган кундан эътиборан олти ой давомида;

агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар энг кам иш ҳақи миқдорининг камида уч юз баробарини ташкил этадиган бўлса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага энг кам иш ҳақи миқдорининг камида беш минг баробарини ташкил этадиган бўлса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса энг кам иш ҳақи миқдорининг камида йигирма баробарини ташкил этадиган бўлса.

Мазкур модданинг биринчи қисмидаги қоидалар тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиботларига нисбатан қўлланилмайди.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш белгиланган аломатлар мавжуд бўлган тақдирда иқтисодий суд томонидан қўзғатилиши мумкин, шунингдек, тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган таомиллари бундан мустасно.

Пул мажбуриятларни бажармаганлиги натижасида қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қўзғатиш учун ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, кредитор ва прокурор эга.

Мажбурий тўловлар мажбуриятларни бажармаганлиги натижасида, шунингдек, устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси олдида пул мажбуриятлари бўйича қарздорлиги бўлган юридик шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш учун ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, прокурор, давлат солиқ хизмати органи, тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича давлат органи ва унинг ҳудудий органлари эга.

Қарздор, белгиланган аломатлар мавжуд бўлса, ўзини тўловга қобилиятсизлик ҳақида иш қўзғатиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этишга ҳақли.

Қарздор юридик шахс қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг қарори ёхуд қарздор мол-мулкининг эгаси томонидан вакил қилинган органнинг қарори асосида тўловга қобилиятсизлик ҳақида иш қўзғатиш тўғрисидаги ариза билан, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, иқтисодий судга мурожаат этади.

Қарздорнинг аризаси билан қуйидаги ҳолларда қарздорнинг раҳбари, қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс иқтисодий судга мурожаат этиши шарт:

бир ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қондириш қарздорнинг бошқа кредиторлар олдидаги пул мажбуриятларини ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажаришини имконсиз қилиб қўйишга олиб келадиган бўлса;

қарздорнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ қарздорни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бўлган қарздор юридик шахс органи томонидан қарздорнинг аризаси билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳақида қарор қабул қилинган бўлса;

қарздор унитар корхона мол-мулкининг эгаси ваколат берган орган томонидан қарздорнинг аризаси билан иқтисодий судга мурожаат этиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса;

ундирув қарздорнинг мол-мулкига қаратилганда бундай ундирув қарздорнинг хўжалик фаолиятини имконсиз қилиб қўяди деб ҳисоблашга асослар бўлса;

Тугатиш комиссияси (тугатувчи), агар юридик шахс тугатилаётганда кредиторларнинг талабларини тўлиқ ҳажмда қондириш имконсизлиги аниқланган бўлса, қарздорнинг аризаси билан иқтисодий судга мурожаат этиши шарт.

Қарздорнинг, тугатиш комиссиясининг ёки тугатувчининг аризаси ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳолатлар юзага келган пайтдан эътиборан бир ойдан кечиктирмай иқтисодий судга юборилиши керак.

Қарздор раҳбари, тугатиш комиссияси аъзолари ёки тугатувчи томонидан иқтисодий судга қарздорнинг аризаси тақдим этилмаганлиги назарда тутилган муддат тугаганидан кейин юзага келган қарздорнинг кредиторлар олдидаги пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича қарздор раҳбарининг, тугатиш комиссияси аъзоларининг ёки тугатувчининг субсидиар жавобгарлигига сабаб бўлади.

Мавзуга оид