23:04 / 26.04.2019
11223

Акихито Япония императори сифатида охирги марта омма олдида кўриниш берди

Фото: Reuters

Япония императори Акихито тахтдан воз кечиш олдидан рафиқаси Митико билан охирги марта император сифатида омма олдида кўриниш берди. Улар атроф-муҳит ҳимоячилари ва табиатни ўрганишда катта ютуқларга эришган олимларни тақдирлаш маросимида иштирок этишди.

30 апрелда Акихитонинг тахтдан воз кечиши расмий маросими бўлиб ўтади. Бунгача 85 ёшли император ўзининг Токио марказидаги сарой мажмуасида дам олади. Акихитонинг тахтдан воз кечиш маросимида ҳукумат, парламент ва олий суд вакиллари иштирок этади. Шунингдек, мамлакат бош вазири Синдзо Абэ иштироки кутилмоқда.

Тахтни Акихитонинг тўнғич ўғли – 59 ёшли валиаҳд шаҳзода Нарухито эгаллайди. Янги императорнинг тахтга ўтириши тантанали маросими 1 май куни Токиода бўлиб ўтади.

Императорнинг тахтдан воз кечиши охирги 200 йил ичидаги биринчиси бўлади. Охирги марта бундай воқеа 1817 йилда юз берган. Шундан кейин тахт янги императорга аввалгисининг ўлимидан кейингина ўтиб келган. Бироқ Акихитонинг ёши кексалиги инобатга олиниб, унга истисно тариқасида махсус қонун билан тахтдан воз кечишга рухсат берилди.

Акихито Япониянинг 125-императори ҳисобланиб, у тахтни 1989 йилда отаси император Хирохито вафотидан кейин эгаллаган.

Top