Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қумқўрғондаги сувга ташна Янгиобод қачон янгидан обод бўлади?
Турмушимизни сувсиз тасаввур қилиш қийин. Чунки у — ҳаёт манбаи. Бироқ XXI асрда ҳамон томорқаларни суғорадиган сувдан ҳам қисилган, оддий ичимлик сувини ҳам ташиб ичаётган қишлоқлар борлиги кишини таажжублантиради.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Таҳририятимизга Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани «Янгиобод» маҳалласидан мурожаат келиб тушди ва мухбиримиз ушбу қишлоқда бўлиб маҳалла аҳлига микрофон тутди.

Адирликлар орасида жойлашган ва туман марказидан 9 км узоқликда, адирлар орасида жойлашган бу қишлоқда муаммолар бир талай экан. Қишлоқ аҳли ўзларини ҳеч ким эшитмаётганини, муаммолари ҳал қилинмаётгани, ислоҳотлар шамоли шу масканга ҳам кириб келишини исташаётганини билдиришди.

Маҳалла оқсоқолларидан бири Эгамберди Раҳимовнинг айтишича, қишлоқ аҳли ичимлик сувининг бир цистернасини 100 минг сўмга сотиб олади. Мол-ҳол ҳам шу сувдан ичади. Чунки зовурлардаги сизот сувлари шўр бўлиб, чорванинг ўлимига сабаб бўлмоқда.

Ҳолбуки, қишлоққа бир пайтлар водопровод қувури уланган бўлган, 12 км нарида ичимлик суви беҳудага оқиб ётибди. Мутасаддилар қачонки «Янгиобод» маҳалласи давлат дастурига тушса кейин қишлоққа водопровод тортиб берилишини таъкидлаб келишмоқда.

Қишлоқдаги онахонларнинг ҳам дардига қулоқ тутамиз. Норпошша Анварованинг сўзларига кўра, ёш болалар кўлмаклардан сув ичишга ҳам одатланишган ва қишлоқда сариқ касал юқтирмаган боланинг ўзи қолмаган.

Тўрт мингдан зиёд одам истиқомат қиладиган маҳаллани сув муаммосидан ташқари, уларнинг иш ўринлари йўқлиги, маҳалла ички йўллари ва туман марказига элтувчи йўлнинг жуда абгор ҳолатда эканлиги ҳам қийнамоқда.

Муҳаббат Мусаева нафақат ичимлик суви, томорқаларни суғориш учун ҳам сув йўқлигини, қишлоқ врачлик пункти узоқлиги ва ногирон қизини даволанишга элтишда қийинчиликларга дуч келаётганини ҳикоя қилди.

Бу йил баҳор серёғин ва яхши келди. Томорқалардаги экинлар ҳарна ташналикдан халос бўлиб турибди. Лекин барибир деҳқончилик ортидан кун кўрадиган аҳолини суғориш учун сув йўқлиги қийнамоқда. Улар зовурлардаги ҳаттоки чорва учун зарарли бўлган сизот сувларни насос билан чиқариб фойдаланишмоқда.

Қишлоққа сув келтириш учун ҳалак оқсоқоллардан бири Абдуҳошим Тўраев шундай дейди:
«Қишлоқ аҳли ўртага пул ташлаб, канал қаздириб сув келтиришга аҳд қилдик. Мен ҳозир ўша ишларнинг бошида эдим. Ўша ердан келяпман. Бизнинг дардимизни эшитадиган одам борми? Нуқул мутасаддиларнинг ваъдаларини эшитиб келмоқдамиз. «Янгиобод» чўл бўлиб қолди ахир?! Одамларимиз сувга ташна».

Ростдан ҳам, мана шундай — кўздан пана қишлоқларга қачон ислоҳотлар кириб боради. Бундай гўшаларда яшаётган одамларга оддий инсоний шароитларни қилиб беришнинг имкони бормикин? Улар газ ёки электр сўрамаяпти. Шунчаки ҳаёт учун зарур ичимлик сувига зор. Томорқасида меҳнат қилиб даромад қилай деса — суғоришга сув етмайди. Россияга минг-минглаб норғул ёш-яланг йигитларнинг чиқиб кетишининг бош сабаби мана шу эмасми? Қани уларга шароит, қани имконият?
Сувга ташна янгиободликлар уларни қийнаётган муаммолар туман ва вилоятдаги мутасаддиларга етиб боришини исташади. Улар «Бизнинг маҳалламиз ҳам обод маҳаллага айлансин», деб дуо қилиб қолишди…
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
08:20 / 20.05.2026
Ўзбекистон сув истеъмоли юқори давлатлар рейтингига кирди
17:59 / 16.05.2026
Ўзбекистон кунлик сув истеъмоли юқори бўлган давлатлар қаторига кирди
07:18 / 05.05.2026
Сувни ифлослантирганлик учун жарима миқдори кескин оширилди
18:55 / 19.04.2026