19:33 / 27.04.2019
5886

Суперлига. «Локомотив» қаторасига 5-марта ғалаба қозонди

Бугун, 27 апрель куни Суперлигада 6-тур доирасидаги навбатдаги учрашувлар бўлиб ўтмоқда.

Амалдаги чемпион «Локомотив» бу турда «Қизилқум»ни қабул қилиб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Мезбонлар 3-дақиқадаёқ ҳисобни очишди. Ҳусниддин Ғофуров қанотдан узатган тўпини Жамшид Искандеров тўхтатмасдан дарвозага аниқ йўллади. 31-дақиқада Ислом Тўхтахўжаев кучли зарба билан ҳисобдаги фарқни оширди ва биринчи бўлим 2:0 ҳисобида якун топди.

62-дақиқада «темирйўлчилар» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов пенальтидан фойдалана олмади: унинг зарбасини Артём Макосин қайтариб қолди. Бундан руҳланган меҳмонлар кўп ўтмай ҳисобдаги фарқни қисқартиришди: Элгужа Григалашвилининг зарбасидан кейин тўп рикошет ҳолатида Йован Жокичга тегиб, дарвозадан ўрин олди. Аммо орадан бир дақиқа ҳам ўтмай, Абдухолиқов барибир гол уришга эришди ва таблодаги ана шу 3:1 ҳисоби ўйин охиригача ўзгармай қолди.

Эндиликда «Локомотив» очколари сонини 15тага етказиб, 6-тур ўйинини ҳали ўтказмаган «Пахтакор»дан 2 очкога илгарилаб кетди. Андрей Фёдоров жамоаси биринчи турда «шерлар»га ютқазганидан кейинги 5та ўйинда кетма-кет ғалаба қозониб келмоқда. Бир дуранг натижадан кейинги охирги учта ўйинда ютқазган «Қизилқум» эса 13-ўринда бормоқда.

Суперлига, 6-тур
27 апрель. Тошкент, «Локомотив» стадиони. 867 томошабин
Локомотив – Қизилқум – 3:1 (2:0)
Голлар
: Ж.Искандеров (3), И.Тўхтахўжаев (31), Т.Абдуҳолиқов (71) – Й.Жокич (71 автогол)
Амалга оширилмаган пенальти: Т.Абдухолиқов (62, дарвозабон)

Top