Жамият | 20:13 / 29.04.2019
13533
2 дақиқада ўқилади

Имтиёздан ноўрин фойдаланишга бўлган уриниш фош этилди

Божхона органларининг асосий вазифаси давлатимиз иқтисодий хавфсизлигини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Шу мақсадда юртимизга кириб келаётган ҳар бир товар моддий бойликлари божхона назоратидан ўтказилади.

Яқинда Бухоро вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ҳудудида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти номига хорижий компания томонидан юборилган товарларни божхона назоратидан ўтказишди.

Тадбиркор томонидан божхона органларига тақдим этилган ҳужжатларда 243 903 квадрат метр аёллар кўйлакларини тикишга мўлжалланган шифон матоси олиб келинаётганлиги қайд этилган. Бундан мақсад эса ушбу матолар учун божхона тўловларидан имтиёз олган ҳолда юртимизга олиб кириш бўлган.

Фото: Бухоро вилояти божхона бошқармаси

Аммо божхоначилар божхона юк декларациясида кўрсатилган товар номи билан асл товарларнинг ўзаро мутаносиблигини текшириш мақсадида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтига мурожаат этишди. Олинган хулосага кўра товарлардан олинган намуналар ва ҳужжатда номи келтирилган товарлар бир хил эмаслиги, яъни 243 903 квадрат метр матолар “Шифон” тўқимаси синфига эмас, балки “Поплин” тўқимаси синфига мансуб эканлиги ўз тасдиғини топди. Натижада ушбу матолар учун 497 миллион сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид