20:40 / 29.04.2019
12762

Ўзбекистонлик курсант Бекзод Нурматов яна олтин медални қўлга киритди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясининг 4-босқич курсанти Бекзод Нурматов Россиянинг Владивосток шаҳрида 24-29 апрель кунлари ўтказилган жанговар самбонинг «А» сериясига кирувчи чемпионатда ҳам навбатдаги ғалабага эришди.

Европа ҳамда Осиёнинг 15 давлати, шунингдек, Россиянинг 20дан ортиқ вилоятидан келган 200 нафардан зиёд самбочилар Яқин Шарқ федерал университети спорт залида «Юрий Потапов мемориали» номидаги 22-халқаро турнирда ўзаро куч синашди.

82 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган ҳамюртимиз Бекзод Нурматов финалда россиялик кучли рақиб, Иван Грачовга қарши татамига чиқиб, 9:0 ҳисобида мутлақ ғалабага эришди. 

«Бекзод Нурматов Ўзбекистон номини жаҳон аренасига олиб чиқиши биринчи бор эмас. У 2016 йили, Академияда 1-курслигидаёқ Германияда ўтказилган қўл жанги бўйича халқаро чемпионатда кумуш медални қўлга киритган эди.

Уч карра Осиё ва халқаро турнирлар ғолиби, жаҳон чемпиони ҳамда жаҳон кубоги соҳиби Бекзод Нурматов жорий йилнинг апрель ойи бошида Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўтказилган аралаш курашнинг Гран-при туркумига кирувчи «Батир баши» IV этнотурнирида ҳам ғалабага эришиб, чемпионлик камарини қўлга киритган эди», дейилади Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Top