16:59 / 30.04.2019
3394

Ўзбекистон ҳукумати вакциналар хавфсизлигини таъминламоқда

29 апрель 2019 йилда ЮНИСЕФ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилояти учун энг замонавий совутгичлар билан жиҳозланган вакциналар омборхонасини ишга туширди. Мазкур иншоот Ўзбекистон болалари саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Янги вакциналар омборхонаси бир ёшгача бўлган 64 400 болани эмлашга етарли бўлган 31000 литр, яъни 440 куб метр ҳажмдаги вакциналарни сақлаш имконини беради. Ичида юриш мумкин бўлган иккита совутгич камераларида вакциналарни сифатли сақлаш учун зарур бўлган Цельсий бўйича 2-8 даража илиқ ҳарорат доимий равишда ушлаб турилади. 5 ёшгача бўлган болаларнинг сон ошганини инобатга олган ҳолда янги омборхона ҳажми аввалгисига нисбатан икки баробар оширилди.

Шунингдек, ЮНИСЕФ ташкилоти тегишли ходимларнинг малакасини ошириш, вакциналар омборхонасини бошқариш учун зарур йўриқномаларни тақдим этиш, вакциналарни ташиш учун совутгичли автомобилларни ва сумкаларни етказиб беришда ҳам кўмаклашмоқда.

“Гап вакциналарнинг хавфсизлиги тўғрисида кетар экан, уларни етказиб беришни ва логистикани бошқариш жуда муҳим роль ўйнайди. Мазкур совуқлик омборининг келгусида узлуксиз ишлаши малакали ходимлар ва ҳукуматнинг ушбу тизимни бошқариш ва унинг ишлашини таъминлаш учун зарур сармоялар киритиш борасидаги мажбуриятига боғлиқ бўлади”, - деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн.

ЮНИСЕФ бутун Ўзбекистон бўйлаб 21 та совуқлик омборларини қуриш ва реконструкция қилишда Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўмак бермоқда. Мазкур иншоотлар Шарқий Европа ва Марказий Осиёда энг яхши вакциналар омборхоналари бўлади.

Top