12:30 / 03.05.2019
9733

Бокуда Лондон дербиси! Бу ҳақиқатга яқин

Фото: Reuters

Лондоннинг «Арсенал» ва «Челси» клублари Европа Лигасининг яримфинали доирасидаги илк учрашувларда керакли натижаларга эришишди. Катта эҳтимол билан 29 май куни ушбу икки жамоа Озарбойжон пойтахтида бир-бирига қарши майдонга тушади.

Европа Лигаси. 1/2 финал. Биринчи ўйин
«Арсенал» (Англия) - «Валенсия» (Испания) - 3:1 (2:1)
Голлар: Диакаби, 11 (0:1). Ляказетт, 18 (1:1). Ляказетт, 26 (2:1). Обамеянг, 90+1 (3:1). 
«Арсенал» (Англия): Чех, Папастатопулос, Мустафи, Косьельни (Монреаль, 82), Колашинац, Ўзил (Мхитарян, 75), Чака, Мэйтланд-Найлс, Гендузи (Торрейра, 58), Ляказетт, Обамеянг.
«Валенсия»: Нету, Гарай, Ронкалья, Пиччини, Хосе Гайя, Габриэл Паулиста, Диакаби, Парехо, Солер (Васс, 71), Родриго (Мина, 88), Гонсалу Гедеш (Гамейро, 71).
Огоҳлантиришлар: Диакаби, 31. Парехо, 71. 
Ҳакам: Тюрпен (Франция).
2 май. Лондон. «Эмирейтс» стадиони. 
Жавоб ўйини – 9 май

Охирги имкон
Европа Лигаси «Арсенал» учун ҳам, «Валенсия» учун ҳам жорий мавсумда соврин учун ягона имконият эди. Қолаверса, бу турнирда ғолиб чиққан жамоа ЕЧЛга йўлланма олади ва айни вақтда икки жамоа ҳам ўз чемпионатларида кучли тўртликдан ташқарида қолмоқда. Уларнинг «Эмирейтс»даги биринчи ўйини кўп нарсани ҳал қиларди - ўртага турнир финали йўлланмаси тикилганди, гарчи ҳали жавоб ўйини бўлса-да кўп нарса шу оқшомда ҳал бўлиши кутилаётганди.

Ўйиннинг 10-дақиқасидаёқ меҳмонлар бурчак зарбасидан кейин хавфли вазиятга эга бўлишди ва Родригонинг узатган тўпини дарвоза чизиғи олдида турган Диакаби боши билан тўрга жойлади.

Аммо «Арсенал» тезда жавоб қайтарди, ўтказиб юборилган голдан 7 дақиқа ўтибоқ Лякезтт ва Обамеянг қарши ҳужумда аъло даражада ҳаракатланишди ва франциялик ҳужумчи бўш дарвозани осонлик билан ишғол этди.

Кўп ўтмасдан мезбонлар яна олдинга чиқиб олишди, тўп «Валенсия» жарима майдонига етказилганида Ляказет яна ҳаммадан илғорроқ ҳаракат қилиб зарба берди - Нету тўпга тегинишга уринди, аммо тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтди - ҳакамнинг қўлидаги ускунада гол бўлгани қайд этилди ва жамоалар ўйинни яна майдон марказидан бошлашди. 

Ўйиннинг иккинчи бўлими меҳмонларнинг ҳужумлари ва мезбонларнинг аҳён-аҳён қарши ҳужумларга чиқиш билан бошланди. Гедешда ҳисобни тенглаштириш имконияти бўлганди, аммо тўп йўлига Косьельни тўғаноқ бўлди. «Арсенал»нинг ҳужумларидан бирида эса Ляказетт ҳет-трикни расмийлаштириш имкониятидан фойдалана олмади, дарвозабон билан деярли яккама-якка қолган ҳужумчи тепган тўп Нетунинг оёқларидан қайтди. 

Марселино Васс ва Гамейрони майдонга ташлади, лондонликлар сафида эса Торрейра ва Мхитарян марказни ва ҳужум чизиғини кучайтириш учун туширилди. Иккинчи бўлимнинг иккинчи қисми «Арсенал»нинг тўлиқ устунлигида кечди - лекин лондонликларни таблодаги ҳисоб тўла қаноатлантирмасди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса лондонликларнинг иккинчи ҳужумчиси катта саҳнага чиқди - Обамеянг дарвоза қаршисида ёлғиз қолдирилди ва «канонирлар» учун керакли ҳисоб юзага келди.

Унаи Эмери жамоаси билан Европа Лигаси финали сари катта қадам ташлади.

Азар Франкфуртда ёрдам бера олмади. Аммо «Челси» финалга яқин

Европа Лигаси. 1/2 финал. Биринчи ўйин
«Айнтрахт» Ф (Германия) – «Челси» (Англия) – 1:1 (1:1)
Голлар: Йович, 23 (1:0). Педро, 45 (1:1).
«Айнтрахт» Ф (Германия): Трапп, Абраам, Хинтереггер, Да Коста, Фалетт, Фернандеш (Гонсалу Пасьенсия, 73), Хасебе, Роде, Костич, Гачинович (Виллемс, 90+2), Йович.
«Челси» (Англия): Аррисабалага, Давид Луиз, Аспиликуэта, Кристенсен, Эмерсон, Жоржинью, Лофтус-Чик (Ковачич, 82), Канте, Виллиан (Азар, 61), Педро, Жиру.
Огоҳлантиришлар: Кристенсен, 19. Хасебе, 58. Фернандеш, 61.
Ҳакам: дель Серро Гранде (Испания).
2 май. Франкфурт-Майн. «Коммерцбанк-Арена» стадиони.
Жавоб баҳси – 9 май

Мураббий танлови
«Биз бошқа вариантларни қидириб кўришимиз керак», деганди ўйиндан олдин «Айнтрахт» бош мураббийи Ади Ҳюттер. Турнирнинг энг самарадор икки жамоасидан бири бўлган франкфуртликлар (иккинчиси «Челси») яримфиналнинг биринчи ўйини олдидан ҳужум учлигининг икки вакилини йўқотганди - Аллер жароҳат олган, Ребич дисквалификация қилинган. Якунда жамоанинг энг яхши тўпурари Йовични орқароқда Гачинович қўллаб-қувватлайдиган, қанотларда Костич ва Да Коста уни тўп билан таъминлайдиган бўлди.

Маурисио Сарри эса ҳимоя чизиғи ҳақида қайғуриши лозим эди. «МЮ»га қарши ўйинда олган жароҳати туфайли 3 ой муддатга сафдан чиққан ҳимоячининг йўқлигини Франкфуртдаги ўйинда Давид Луиз ва Кристиансен жуфтлиги билинтирмаслиги лозим эди. Рақиб ҳужумни кучайтирган паллаларда ўнг қанот ҳимоячиси Аспиликуэта ҳам марказга ёрдам бериши кўзда тутилганди.

Тетик «Айнтрахт» ва хотиржам «Челси»
Кўринишидан лондонликлар яримфиналда ҳам ротация қилишда давом этишгандек эди: Игуаин, Баркли, Ковачич, Алонсо ва Азар захирада қолдирилди.

Биринчи бўлимда «Айнтрахт» яхши ҳимояланди ва рақибга жарима майдонига киришга йўл қўймади. Кутилганидек Йович «бўрилар»ни олдинга бошлади.

Аммо бу ўйинда класс ўз сўзини кўрсатди. Биринчи бўлим якунланиб бораётганида бурчак зарбаси ижро этилганидан кейин Кристиансен тўпни рақиб жарима майдонига ташлаб берди, у ерда тўп учун курашда ғолиб бўлган Лофтус-Чик Педрони қулай вазиятга чиқарди ва ҳисоб тенглашди.

Иккинчи бўлимда Сарри Азарни майдонга ташлади ва у лондонликлар тўпни назорат қилиб, ўйинни керакли ҳисобда якунлашини таъминлади. Чорак финал ўйинида ҳам Азар иккинчи бўлимда шу мақсадда тушрилган ва «Славия»га қарши сафар учрашувида жамоа керакли ҳисобни сақлаб қолганди (1:0).

«Айнтрахт» олқишларга сазовор, жамоа еврокубокларда уй ўйинларда мағлуб бўлмаслик бўйича сериясини давом эттирди (12 ўйин), аммо «Стемфорд Бриж»да уларга қийин бўлиши тайин.

Бокуда Лондон дербиси
«Арсенал» учун ҳам, «Челси» учун ҳам Европа Лигаси ЕЧЛ йўлланмаси учун воситадир. Ўтган мавсумда ҳам «канонирлар» ЕЧЛга шу турнир орқали йўл олмоқчи бўлишган, аммо яримфиналда бунга «Атлетико» йўл қўймаганди. 

Бу турнирга икки жамоа бош мураббийи ҳам жиддий ёндошмайди - буни Сарри Азарни деярли барча ўйинларда иккинчи бўлимда тушириши, «Арсенал» «Валенсия»га қарши ўйинда асосий футболчилари Торрейра ва Мхитарянни захирада қолдирганида кўриш мумкин - ғолиблик фақат ЕЧЛ йўлланмаси учун керак. Айни вақтда икки жамоа АПЛда кучли тўртлик учун рақобат қилмоқда, агар «Челси» тўртинчи ўринни сақлаб қолса, «Арсенал»да Европа Лигаси финалига чиқиб, кўп эҳтимол билан «Челси»ни финалда мағлуб этиши керак бўлади.

Айни вақтда «Челси» ва «Арсенал» каби, «Айнтрахт» ва «Валенсия» ҳам ички чемпионатларида ЕЧЛ йўлланмасини кафолатлай олишмаган. Лекин биринчи ўйинлардан кейин айтиш мумкинки, финалда катта эҳтимол билан икки инглиз клуби ўзаро тўқнашади. Бу Озарбойжон пойтахтида Лондон дербисига айланиши мумкин.

Top