12:57 / 04.05.2019
4193

Агробанк “Меҳр улашинг” номли хайрия акцияси ўтказди

Жорий йилнинг 3 май куни “Агробанк” АТБ Бош офиси ходимлари Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида “Меҳр улашинг” номли донорлик хайрия акциясини ўтказди.

Ушбу акция Муқаддас Рамазон ойи арафасида банк ходимларини кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишда кўмаклашиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Қон хасталиклари, жумладан, оғир даражадаги камқонлик, қон саратони (лейкоз), қон ивиш тизими ишининг бузилиши (гемофилия) каби касалликлар билан оғриган болалар, албатта, донорлар кўмагига муҳтож. Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида ҳам шу турдаги касалликлар билан оғриган болалар қалбида эзгуликлар билан яшайдиган инсонлар – донорлар мурувватидан баҳраманд бўлмоқда.

Акция доирасида Агробанкнинг 70 дан ортиқ ходимлари бемор болалар ҳолидан хабар олдилар. Иштирокчилар Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида беморлар учун яратилган шарт-шароитлар, донорлар томонидан қон топшириш ва у ерда қоннинг сақланиши, соғликни сақлаш муассасаларида ишлатилиши ва шу каби муҳим жараёнлар ҳақида яқиндан танишишди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, донорлар қони билан беморлар ҳаётини сақлаб қолиш ва аҳолининг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш, фавқулодда ҳолатларда, мураккаб жарроҳлик амалиётларида, патологик туғруқ жараёнларида ва жарроҳлик амалиётларида қўлланилади.

“Меҳр улашинг” акцияси тадбирида банк томонидан бемор болаларга 200 дан ортиқ турли жанрдаги китоблар ва ўйинчоқлар ҳам улашилди.

Top