22:59 / 06.05.2019
5862

Ўзбекистон элчиси Исломободда Покистон сенати раиси билан учрашди

6 май куни Покистон пойтахти Исломободда Ўзбекистон элчиси Фурқат Сидиқов Покистон сенати раиси Содиқ Санжариний билан учрашди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, учрашувда Ўзбекистон-Покистон парламентлараро ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари, савдо, инвестиция, логистика, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда шерикликни янада мустаҳкамлаш имкониятлари муҳокама қилинган.  

Икки давлат ўртасида товарларнинг узилишларсиз ҳаракатланишини янада таъминлаш мақсадида транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида урғу берилган.  

“Сенат раиси давлатларимиз ўртасида товар айланмаси охирги йилларда жадал ўсганини мамнуният билан қайд қилган. Томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ўзаро манфаатли соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун улкан салоҳият борлигини таъкидлаб ўтишган”, дейилган ташқи ишлар вазирлиги хабарида. 

Учрашувда қайд қилинишича, томонлар икки давлат парламентарийларининг икки томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришдаги роли ва амалий иштирокини кучайтиришлари лозим.

Суҳбат давомида икки давлатнинг минтақавий хавфсизлик масалаларида, жумладан Афғонистондаги вазиятни тезликда тартибга солиш борасидаги позициялари ўхшашлиги қайд қилиб ўтилган. Шу маънода Ўзбекистоннинг минтақада барқарор тинчликка эришишдаги ташаббуслари ва саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилган.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистон-Покистон кун тартибидаги бошқа масалалар кўриб чиқилган.   

Top