18:15 / 13.05.2019
13917

Клопп – доҳий, Гвардиола – доҳиёна. АПЛдаги чемпионлик пойгаси ҳақида

Англия премьер-лигасида қизғин давом этган чемпионлик пойгаси якунига етди - «Манчестер Сити» бир очколик фарқ билан маррага биринчи бўлиб етиб келди.

Бундай пойга 2012 йилда ҳам кузатилганди. Мавсумнинг охирги қисмида асосий икки етакчи - «Манчестер Юнайтед» ва «Манчестер Сити» бошқа рақобатчилардан анча олдинга ўзиб кетишган ва чемпионлик масаласи охирги турда ҳал бўлганди. Ўшанда ҳам «шаҳарликлар» устунликка эришишган: улардан «КПР»ни енгиш ва «МЮ» «Сандерленд»ни жуда катта фарқ билан мағлуб этиб, тўплар нисбатига кўра олдинга чиқиб кетиш имкониятига эга бўлмаслигига умид қилиш талаб этиларди.

Қизиқ томони, ўшанда «КПР» ҳам «Брайтон» билан бир хил ўринда - 17-ўринда бўлган жамоага лигани тарк этиш хавф солиб турганди. «Брайтон» эса 37-турда «Кардифф» «Кристал Пэлас»га мағлуб бўлиб чемпионшипга тушиб кетгач, охирги тур арафасида лигада қолиши аниқ бўлганди. 

«КПР» эса 7 йил олдинги ўйинда ғалаба учун қаттиқ курашган - ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда бир киши кам ҳолда 2:1 ҳисобида олдинда бораётганди. Ўша ўйиннинг охирги дақиқалари Англия футболи тарихига кирганди - «Сити» охирги дақиқаларда иккита гол урган ва параллел кечиб якунланган ўйиндан кейин чемпионликни нишонлашга тараддудланган «МЮ»ни доғда қолдирганди.

Ўйиндан аввал «Манчестер Сити» премьер-лиганинг охирги турида қачон охирги марта ютқазганини эслаб қолишди. Бу 2013 йилда «Норвич»га қарши ўйин бўлганди ва ўшанда норвичликларни «Брайтон» мураббийи Крис Ҳьютон бошқарганди.

Аммо умидлар оқланмади. Ливерпулдагилар бир бўлим давомида умид қилишди - «Энфилд»дагилар бир вақтнинг ўзида смартфонлари орқали Брайтондаги воқеаларни ҳам кузатиб боришди. Биринчи бўлим ўрталарида «Ливерпуль» стадионида хушхабар тарқалди - «Манчестер Сити» гол ўтказиб юборганди.

Аммо манчестерликлар тезда ҳисобни тенглаштиришди. Дуранг ҳисоб ҳам «Ливперпуль»ни қониқтирарди - Клопп шогирдлари «Вулверҳемптон»га қарши ишончли ҳаракат қилишаётганди. Онлайн турнир жадвалида «Ливерпуль» 20 дақиқа давомида чемпион бўлиб турди, иккинчи бўлим бошида эса барча интригалар ўлди. «Ливерпуль» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва 97 очко тўплади. Аммо 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган «Манчестер Сити» 98 очко билан чемпион бўлди.

Қизиллар 29 йилдан ортиқ вақт давомида кутилаётган чемпионликни яна кейинги мавсумга қолдиришди. «Ливерпуль» супертаркиб йиғган, жаҳондаги энг кучли мураббийлардан бирини ёллаган, аммо бу ҳозирча соврин келтирмаяпти. Қизилларда қўрқинчли статистика: сўнгги уч мавсумда «Ливерпуль» янги йилга чемпион сифатида кирган ва якунда чемпион бўлолмаган.

Клопп ёрқин жамоа шакллантирди, аммо «Сити» янада ёрқинроқ. Апрель ойидаёқ кўпчилик «шаҳарликлар» мавсумни 4та соврин билан якунлаши мумкинлигини истисно қилмаётганди. Гвардиола эса бу имконсиз иш эканини таъкидлади: «Ҳеч ким соврин ютишда покер қила олмаган. Нега биз бунга қодир бўлишимиз керак?».

Ростдан ҳам «Сити» покер қила олмади, аммо ҳет-трик қилиш имконияти мавжуд. Жамоа Англия Кубоги финалида «Уотфорд»га қарши ўйнайди. Лекин бу Гвардиолани қаноатлантирадими? Албатта, йўқ. У - максималист, у барча совринларни ўзиники қилишни истайди. Чемпионлар лигаси ғолиблиги ҳам унинг асосий мақсади бўлиб қолаверади.

«Манчестер Сити» Англия чемпионатида қаторасига иккинчи мавсумда ғалаба қозонди ва бу сафарги чемпионликка қийинчилик билан эришилди. Бир йил аввал «шаҳарликлар» мавсум якунига бир неча тур борлигида муддатидан аввал чемпионлик масаласини ҳал қилишганди.

Бу сафарги чемпионлик «Манчестер Сити» учун тотлироқ бўлди. 1 июнь куни эса Англияда Европанинг энг яхши жамоаси ҳам пайдо бўлади. Бу «Ливерпуль» бўладими ёки «Тоттенҳэм»? 

Top