11:51 / 18.05.2019
6073

Huawei ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда

Фото: AFP/Getty Images

Huawei'нинг Европа телекоммуникация тармоқларига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари аниқланди, дея хабар бермоқда Independent махфий агентликка асосан. Айтилишича, компания мижозлар маълумотлар базасига кириш имконига эга бўлган.

Хабар берилишича, Huawei'нинг номи келтирилмаган бир қанча йирик Нидерландия телекоммуникация фирмалари мижозлари маълумотларидан фойдаланиш учун ўзига хос “яширин эшиги” бўлган.

AIVD Нидерландия агентлиги бу ҳолат Хитой ҳукуматининг маълумотларга эгалик қилишига йўл очиб берган-бермаганлиги, махфий интеллектуал манбалар ошкор этилганлиги юзасидан изланишлар олиб борди.

Huawei эса бу ҳолат ўзи учун ҳам “сюрприз”лигини билдириб, барча айбловлар аноним ресурсларга асослангани боис изоҳ беришни рад қилди. 

Аввалроқ, компания De Volkskrant нашрида қайси давлатда фаолият юритса, унинг қонун-қоидаларига кўра ишлаши, ҳукумат ташкилотлари учун ҳамма эшикларини ёпиқ сақлашини билдирган эди. 
 
Нидерландиянинг учта йирик телекоммуникация компанияларидан иккиси – KPN ва Vodanafoneziggo воқеаларга изоҳ беришни рад этган. T-Mobile/Tele2 эса AIVDнинг изланишларидан бехабар эканини билдирган. 

Мазкур айблов ҳақида хабар бераётган De Volkskrant газетасининг ахборотида ҳам компаниянинг ноқонуний кириш йўли қандай ишлагани ҳақида тўлиқ маълумот мавжуд эмас. 

Ушбу ҳодисалардан бир кун сўнг Huawei'нинг АҚШ асосий технологияларини махсус расмий рухсатномасиз сотиб олишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида Трампнинг баёноти эълон қилиниши миллий хавфсизлик тизимини сақлаш учун ўринли тақиқ бўлди. 

Huawei'га ўз 5G тармоғини яратишда чекланган ролда иштирок этишга рухсат берган Британия ҳукумати ҳам Вашингтон санкциясида бу борадаги сиёсатини қайта ўйлаб кўришини маълум қилди. 

“Huawei билан алоқаларимиз ва 5G дастуримиз учун энг тўғри сиёсий ёндашувни ўйлаяпмиз. Охирги қарорга келингач, ҳамма маълумотлар янгиланади. Британия телекоммуникация тизими бутунлай хавфсиз бўлиши, ҳар қандай қарорга ҳис-туйғулардан холи тарзда техник баҳо берган ҳолда келишга ҳаракат қиляпмиз”, – дейди Британия бош вазири Тереза Мэйнинг вакили.

Бир ҳафта олдин собиқ М16 раҳбари Huawei'нинг 5G лойиҳасида иштирокига рухсат бериш мамлакат хавфсизлик тизими учун ортиқча таваккал эканлиги ҳақида огоҳлантирган эди. 

Ричард Деарловга кўра, Huawei технологиясидан фойдаланиш Британия телекоммуникация тармоғи келажаги учун Хитойни эксплуататор позициясига чиқариб қўйиш билан тенг.

Top