14:30 / 20.05.2019
24142

Сеулдаги ёнғин: ўзбекистонлик иккинчи талаба йигит ҳам вафот этди

Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси берган маълумотларга кўра, 2019 йилнинг 9 май куни Сеул шаҳридаги квартирада содир бўлган ёнғин натижасида оғир куйиш жароҳатини олган талаба, Ўзбекистон фуқароси Мутал Йўлдошев 19 май куни «Ҳанил» касалхонасида вафот этди.

ТИВ хабарига кўра, ҳозирги пайтда марҳумнинг жасадини отаси Мухтор Йўлдошев ва акаси Фарҳод Йўлдошев ҳамроҳлигида Сеул шаҳридан Тошкентга жўнатишда ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Мутал Йўлдошевнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этган ва Корея Республикаси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Сеул шаҳридаги элчихонага қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган: +82-2-574-65-54, +82-2-577-36-60.

Бундан олдин, Сеул шаҳридаги квартирада содир бўлган ёнғин натижасида Ўзбекистон фуқароси Фаррух Мўминов ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Top