Ўзбекистон | 22:24 / 21.05.2019
29808
2 дақиқада ўқилади

Учтепа туманига янги ҳоким ва бошқа секторлар раҳбарлари тайинланди

Тошкент шаҳар Учтепа туманининг тўртта секторига янги раҳбарлар тайинланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарход Равшанович Абдуллаев Тошкент шаҳар Учтепа тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Фарҳод Абдуллаев 35-Тузел сайлов округи депутати, коммунал хужалик ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари бўйича доимий раиси лавозимларида фаолият кўрсатган. 2011−2018 йилларда «Ўзиккиламчиранглиметалл» корхонасига раҳбарлик қилган.

Эслатиб ўтамиз, 10 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Учтепа туманида бўлиб, туман раҳбарлари, маҳаллалар раислари, зиёлилар, мутасаддилар билан учрашув ўтказганди. Туман ҳокими Шуҳрат Махамадназимович Атамуҳамедов ва туманнинг бошқа раҳбарлари давлат раҳбарининг ушбу туманга ташрифи якунларига кўра ишдан олинганди.

2017 йилдан Тошкент вилояти Ангрен туман ДСИ бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Рустам Махмуджанович Аширматов Учтепа тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи этиб тайинланди.

Учтепа тумани бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига Сайфулло Негматович Ахмедов номзоди тасдиқланди. У 2018−2019 йилларда Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг ўринбосари — гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

2018 йилдан Самарқанд вилояти прокурорининг ўринбосари лавозимида ишлаган Жобир Одилович Азимов Учтепа тумани прокурори бўлди.

Мавзуга оид