19:00 / 22.05.2019
36040

Суд ходимини калтаклаган судьяга жиноий иш очилди

Навоий вилоят маъмурий ишлар бўйича суди раиси Отабек Тошевга нисбатан шу йилнинг февраль ойида ўз хизмат хонасида суд ходими Дилшод Норовни калтаклагани факти юзасидан жиноий иш очилди. Бу маълумотни Kun.uz’нинг бир неча манбалари тасдиқлади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг февраль ойида Отабек Тошев Навоий вилоят маъмурий ишлар бўйича судида техник ходим сифатида фаолият кўрсатадиган Дилшод Норовни кўпчиликнинг кўз ўнгида ерга ётқизиб тепкилагани, жабрланувчи шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди.

Отабек Тошев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 206-моддасида (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбланмоқда. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top