Ўзбекистон | 11:27 / 24.05.2019
51492
5 дақиқада ўқилади

Прокурорнинг ваколатларига ўзгартириш киритилди 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” томонидан эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Прокуратура тўғрисида»ги 746–ХII-сонли Қонунига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилди:

28-модданинг (Прокурорнинг ваколатлари) матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«Қонунларнинг жиноятчиликка қарши курашишни амалга оширувчи органлар томонидан ижро этилиши устидан назорат қилиш жараёнида прокурор ўз ваколатлари доирасида:

суриштирув ва дастлабки тергов органларидан, шунингдек терговга қадар текширувни ёки тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлардан жиноят ишларини, терговга қадар текширув, тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув ва дастлабки тергов ҳужжатлари ва материалларини ҳамда бошқа маълумотларни текшириш учун талаб қилади;

содир этилган ёки тайёрланаётган жиноятлар ҳақидаги аризалар ва хабарларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳал этиш тўғрисидаги қонун талабларининг ижросини ҳар ойда камида бир марта текширади;

терговчилар ва суриштирувчиларнинг, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг қонунга хилоф ҳамда асоссиз қарорларини бекор қилади;

жиноятларни тергов қилиш, эҳтиёт чорасини танлаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, жиноят тавсифини белгилаш, айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш, айрим тергов ҳаракатларини бажариш ва жиноят содир этиб яширинган шахсларни қидириш тўғрисида ёзма кўрсатмалар беради;

терговга қадар текширувни ёки тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга ушлаш, мажбурий келтириш, қидириш, тинтув ўтказиш, олиб қўйиш тўғрисидаги қарорларни ва суднинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажримини ижро этишни, бошқа тергов ҳаракатларини, шу жумладан прокурорнинг ёки прокуратура терговчисининг иш юритувида бўлган ишлар юзасидан тергов ҳаракатларини бажаришни топширади, жиноятларни очиш ва жиноят содир этган шахсларни топиш учун зарур чоралар кўриш тўғрисида кўрсатмалар беради;

суриштирувда, дастлабки терговда иштирок этади ҳамда зарур ҳолларда, жиноят-процессуал қонунга мувофиқ ҳар қандай иш бўйича айрим тергов ҳаракатларини шахсан бажаради ёки терговни тўла ҳажмда амалга оширади;

суриштирув, дастлабки тергов муддатини узайтиради, эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи ва айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисида судга илтимоснома киритади;

жиноят ишларини суриштирув ва дастлабки тергов органларига қўшимча тергов ўтказиш тўғрисидаги ўз кўрсатмалари билан қайтаради;

жиноят ишини суриштирув органидан терговчига, прокуратуранинг бир терговчисидан бошқасига, жиноят-процессуал қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда эса бир дастлабки тергов ва суриштирув органидан бошқа дастлабки тергов ва суриштирув органига ўтказади;

суриштирувчини ёки терговчини, агар у ишни тергов қилиш чоғида қонун бузилишига йўл қўйган бўлса, суриштирувни ёхуд дастлабки терговни давом эттиришдан четлатади;

қонунда назарда тутилган ҳолларда, тергов ҳаракатларини олиб боришга санкция беради, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида, айбланувчини лавозимидан четлаштириш ҳақида, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида, мурдани эксгумация қилиш ҳақида, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисида судга илтимоснома киритади ёки илтимосномага розилик беради; жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида ёки жиноят ишини амнистия актига асосан тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритади;

жиноят ишларини қўзғатади ёки уларни қўзғатишни рад этади, жиноят ишларини тугатади ёхуд улар юзасидан иш юритилишини тўхтатади;

қонунда назарда тутилган ҳолларда терговчининг ва суриштирувчининг ишни тугатишига розилик беради;

айблов хулосасини ёки айблов далолатномасини ёхуд қарорини тасдиқлайди, ишни судга юборади;

қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Прокурорнинг жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда берган терговга қадар текширув ўтказиш, жиноят ишларини қўзғатиш ва тергов қилиш билан боғлиқ кўрсатмалари терговга қадар текширувни ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар, суриштирув ва дастлабки тергов органлари учун мажбурийдир».

Мавзуга оид