Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни “Халқ сўзи” томонидан эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрда қабул қилинган «Прокуратура тўғрисида»ги 746–ХII-сонли Қонунига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилди:
28-модданинг (Прокурорнинг ваколатлари) матни қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Қонунларнинг жиноятчиликка қарши курашишни амалга оширувчи органлар томонидан ижро этилиши устидан назорат қилиш жараёнида прокурор ўз ваколатлари доирасида:
суриштирув ва дастлабки тергов органларидан, шунингдек терговга қадар текширувни ёки тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлардан жиноят ишларини, терговга қадар текширув, тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув ва дастлабки тергов ҳужжатлари ва материалларини ҳамда бошқа маълумотларни текшириш учун талаб қилади;
содир этилган ёки тайёрланаётган жиноятлар ҳақидаги аризалар ва хабарларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳал этиш тўғрисидаги қонун талабларининг ижросини ҳар ойда камида бир марта текширади;
терговчилар ва суриштирувчиларнинг, шунингдек терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг қонунга хилоф ҳамда асоссиз қарорларини бекор қилади;
жиноятларни тергов қилиш, эҳтиёт чорасини танлаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, жиноят тавсифини белгилаш, айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш, айрим тергов ҳаракатларини бажариш ва жиноят содир этиб яширинган шахсларни қидириш тўғрисида ёзма кўрсатмалар беради;
терговга қадар текширувни ёки тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга ушлаш, мажбурий келтириш, қидириш, тинтув ўтказиш, олиб қўйиш тўғрисидаги қарорларни ва суднинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажримини ижро этишни, бошқа тергов ҳаракатларини, шу жумладан прокурорнинг ёки прокуратура терговчисининг иш юритувида бўлган ишлар юзасидан тергов ҳаракатларини бажаришни топширади, жиноятларни очиш ва жиноят содир этган шахсларни топиш учун зарур чоралар кўриш тўғрисида кўрсатмалар беради;
суриштирувда, дастлабки терговда иштирок этади ҳамда зарур ҳолларда, жиноят-процессуал қонунга мувофиқ ҳар қандай иш бўйича айрим тергов ҳаракатларини шахсан бажаради ёки терговни тўла ҳажмда амалга оширади;
















