Жамият | 16:26 / 25.05.2019
30561
2 дақиқада ўқилади

Россияда содир бўлган ЙТҲда икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди 

Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси маълумотига кўра, 2019 йилнинг 25 май куни Мордовия Республикаси (Россия) ҳудудидан ўтадиган М5 «Урал» трассасида 4 нафар Ўзбекистон фуқароси кетаётган Ўзбекистон давлат рақами бўлган Chevrolet Spark автомобили йўлнинг қарама-қарши йўналиш қисмига ўтиб кетиб қаршисидан келаётган юк машинасига урилиб кетди.

Фото: гибдд.рф

Натижада ҳайдовчи Носиржон Тошмуродович Дадахонов (12.11.1961 й.да туғилган) ва йўловчи Дилшодбек Турсунбек ўғли Жамолиддинов (05.05.1991 й.да туғилган) олинган жароҳатдан воқеа жойида вафот этди. 

Фото: гибдд.рф

Фуқаролар Абдуғаффор Абдужабборович Қодиров (13.01.1969 й.да туғилган) ва Абдиқодир Абдумаликович Холиқов (02.07.1969 й.да туғилган) Зубова Поляна туман шифохонасига жароҳат билан ётқизилган. Уларнинг ҳолати, тиббиёт ходимлари берган маълумотга кўра, оғир барқарор.

Бош консулхона томонидан маҳаллий ҳукумат органлари билан алоқа ўрнатилган ва вазият назоратга олинган.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган ва Россиянинг Волгабўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород области, Оренбург области, Пенза области, Перм ўлкаси, Самара области, Саратов области, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов области, Чувашия Республикаси) ҳудудидаги ҳамюртларимиз зарур вазиятларда мамлакатнинг Қозон шаҳридаги бош консулхонасига қуйидаги телефон орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатган: +7-967-772-66-00.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид