Жамият | 15:48
2729
2 дақиқада ўқилади

Бекободда машинада одам уриб ўлдириб, жасадни каналга оқизиб юборган “опер” 7 йилга қамалди

ИИБ ходими машинани маст ҳолда бошқарган. У 43 ёшли эркакни уриб юбориб, ўлимига сабаб бўлган. Сўнгра жасадни ҳодиса жойидан узоқроққа олиб бориб, сувга оқизиб юборган. Марҳумнинг мурдаси 80 кундан сўнг Дўстлик каналидан топилган.

ЖИБ Бекобод туман судида машинада одам уриб кетиб, жасадни сувга оқизиб юборган ИИБ ходимига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Zamon дастурида хабар берилди.

1989 йилда туғилган Д.Н. Бекобод шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакили вазифасида ишлаган. У судда пиёдани кўргандан сўнг тормозни босганини, аммо тўқнашувнинг олдини олиш имкони бўлмаганини маълум қилган.

Хабарда ҳайдовчи Nexia машинасини маст ҳолда бошқаргани айтилган. ЙТҲдан сўнг у йўловчини машинасига миндириб, шифохонага йўл олган. Аммо йўлда фикридан қайтиб, жиноятни яшириш пайига тушган.

Собиқ ходим суд терговида пиёда нафас олмаётганини кўргач, шок ҳолатида қўрқувда каналга ташлаганини, воқеадан кейин Бекобод тумани ИИБга ўзи келиб, жиноят ҳақида хабар берганини айтган. У қилмишига пушаймонлик билдириб, жазони ўтаб қайтгач, марҳумнинг яқинларига ёрдам беришини таъкидлаган ва суддан енгиллик сўраган.

Суд ҳукми билан собиқ ходим Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми ва 134-моддасида (қабрни таҳқирлаш) назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 11 декабр куни Бўка—Бекобод автомобил йўлида Nexia машинасида ҳаракатланиб кетаётган ИИБ ходими 43 ёшли фуқарони уриб юборган. Сўнгра воқеани яшириш учун турмуш ўртоғининг ёрдамида жасадни тахминан 35-40 км узоқликдаги Фарҳод каналига оқизиб юборганди. Марҳумнинг жасади 80 кунда топилганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид