13:43 / 25.05.2019
12998

Тошкентда фуқароларнинг қарийб 220 млрд сўмлик солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилди

Фото: KUN.UZ

Президентнинг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони кўплаб тадбиркорлар учун кенг имкониятлар эшигини очди, деб хабар қилмоқда ДСҚ матбуот хизмати.

Хусусан, Учтепа туманидаги 524 нафар фуқаро тадбиркор сифатида фаолиятини тиклади ва уларнинг 39,3 млрд. сўмлик қарзларидан воз кечилди.

Билдирилишича, Олмазор туманида ҳам турли сабаблар билан молиявий жарима қўлланилган ва фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган 229 нафар тадбиркор ўз фаолиятини қайта тиклаган ва уларнинг 80 млрд. сўм солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2018 йил 26 декабрдаги ПФ-5607-сонли Фармонига асосан солиқ қарзларини ҳисобдан чиқариш муддати жорий йилнинг 1 июлига қадар узайтирилди. Шу боис бугунги кунда Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан вақтинча фаолият юритмай турган ёки қайта рўйхатдан ўтиб тадбиркорлигини давом эттириш эҳтимоли мавжуд солиқ тўловчиларга хабарномалар юборилмоқда. Бундан ташқари, жойларга чиққан ҳолда фуқаролар билан учрашиб, фаолиятини қайта тиклаш бўйича тушунтиришлар берилмоқда.

Тошкент шаҳрида олиб борилган ишлар натижасида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган 1815 нафар фуқаронинг 219,7 млрд сўм қатъий белгиланган солиқ ва молиявий жарима бўйича мавжуд қарзи ҳисобдан чиқарилди. 

“Ҳурматли фуқаролар! Жорий йилнинг 1 июлига қадар тадбиркорлик фаолиятингизни тикланг ва аввалги фаолиятингиз учун турли сабабларга кўра молиявий жарима қўлланилган бўлса, ҳисобдан чиқариб, тадбиркорликни давом эттиринг!” - дейилади ДСҚ хабарида.

Top