14:00 / 02.06.2019
11740

Наманганда «Гул байрами-2019» ғолиблари тақдирланди

Наманган шаҳридаги «Уч фаввора» хиёбонида 59-анъанавий «Гул байрами» фестивалининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш ҳамда тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирни Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров очиб берди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 ва 2017 йиллардаги Наманганга ташрифлари чоғида «Гул байрами»нинг шакл-шамойилини тубдан ўзгартириш, унинг кўламини кенгайтириш, вилоятда гулчиликни ривожлантириш юзасидан берган кўрсатмалари бўйича катта ишлар амалга оширилганини таъкидлаган Бозоров Наманган вилояти том маънода гулга бурканган ҳамда гулчилик саноати шаклланаётган вилоятга айланиб бораётганига эътибор қаратди.

«Фестивални ёритиш учун Туркиядан келган бир машҳур журналист, тадбирнинг очилиш куни Ўзбекистондаги телеканаллардан бирига берган интервьюсида, «гуллар жуда чиройли, шаҳар чиройли, инсонлар ажойиб, юзи кулади ҳамманинг, ўзимни тасаввуримдаги жаннатда ҳис қиляпман» дегани, Наманганимизга ҳамда Гуллар байрамига берилган ажойиб таъриф бўлди десак, адашмаймиз», деди ўз сўзида Наманган вилоят ҳокими.

Хайрулло Бозоров бўлиб ўтаётган тадбирни фақат тақдирлаш маросими сифатида кўришни, балки Бобур боғидан жой олган гуллар экспозициялари Мустақиллик байрамига қадар боғга ва Наманганга келган гул ишқибозларининг кўзларини ва дилларини қувонтиришда давом этишини айтиб ўтди. Вилоят ҳокими гул байрамига ортаётган қизиқиш ҳақида гапириб, бу йил очилиш маросими куни 150 минг киши Бобур боғига ташриф буюрганини, 5 кун давомида эса бир миллиондан зиёд киши байрамга келганини таъкидлади.

Вилоят ҳокимидан сўнг сўз олган Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри директори Мирза Азизов, ўзининг илиқ ва самимий фикрлари билан ҳамюртлари – наманганликларни хушнуд этди.

«Дунёнинг исталган мамлакатида зўр гулчи чиқибди, дейишса, билингки, унинг асли наманганликдир – ё бу ердан кўчиб боргандир, ёки аждодлари наманганликдир. Чунки гулни юраги пок, маънавияти юксак, гўзалликни яхши кўрадиган, ободликни ўз қўли билан яратадиган инсонларгина ўстиради», деб санъат арбоби. У ўзи туғилиб ўсган гўшасига ҳурмат нуқтаи назаридан тиз чўкиб, Наманган тупроғини ўпиши йиғилганларнинг катта олқишига сазовор бўлди.

Сўнгра ғолибларни тақдирлаш маросими бошланди. 59-анъанавий «Гул байрами» фестивалида фаол иштирок этган элликдан зиёд корхона ва ташкилотлар, гулчилар ҳамда ҳамкорлар вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда қимматли совғалари билан тақдирланди.

«Гул байрами-2019»нинг асосий совринлари – «Спарк» автомобилларига фестивалда энг катта ва чиройли экспозиция ташкил қилган Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси (бошлиғи Ваҳобжон Ражапов) ҳамда уста гулчи Азизбек Мамажонов лойиқ кўрилди. Ғолибларга автомобил калитларини вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров топширди.

«Гул байрами» фестивалининг тантанали ёпилиш маросими йирик концерт дастури билан давом этди. Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган артистлар Алишер Файз ва Яҳё Мўминов, таниқли қўшиқчилар Баҳром Назаров, Баҳриддин Зуҳриддинов, Гули Асалхўжаева, Дилшод Раҳмонов, Зулфия мукофоти лауреати Шаҳноза Ёқубжонова, халқаро танловлар ғолиблари Камрон Мамадалиев ва Умид Бобораҳимов, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри қошидаги «Тошкент зеболари» рақс гуруҳи, «Само» вокал чолғу ансамбли ва бошқа кўплаб истеъдодли санъаткорлар ўз ижодлари билан йиғилганларни хушнуд этишди.

Бу йил 5 кун давом этган халқаро нафосат ва гўзаллик тадбири, бу йил ҳар доимгидан ҳам кенг ва шукуҳли бўлди.

Байрам тадбирлари бўлиб ўтган Бобур номли истироҳат боғи, қолаверса бутун Наманган шаҳри тўла гул билан қопланди. Биргина Бобур боғида ўтган йили махсус композицияларни яратиш учун 3,5 млн туп гул кўчати ўтқазилган бўлса, бу йил 5 млн тупдан ортиқ турли гуллар экилди.

150дан ортиқ гулчи-тадбиркорлар, 100дан зиёд корхона ва ташкилот томонидан 60дан кўпроқ турдаги мавсумий гуллар кўргазмаси ҳамда 100дан ортиқ бадиий композициялар намойиш этилди.

Гуллар билан безатилган 100дан зиёд автомобил иштирокида шаҳар бўйлаб ташкил этилган гул паради, Ўзбекистоннинг тинчлик, дўстлик ва ўзаро тотувликка бўлган интилишини яна бир карра намойиш этди.

Республика матбуоти билан бирга, фестивалга йилдан йилга халқаро миқёсда ҳам матбуот қизиқиши ортмоқда. Туркиянинг марказий TRT телевидениеси, Анадолу ва ИХА ахборот агентликлари, «Йени Шафак» газетаси, Хитойнинг «Синьхуа» ахборот агентлиги ва «Цзинцзи Жибао» газетаси, Россиянинг «Спутник» ахборот агентлиги, Қирғизистоннинг «Хабар» давлат ахборот агентлиги, Эроннинг «Fars news» ахборот агентлиги мухбирлари 59-Гул байрамини ёритиш учун 4 кун давомида Наманганда бўлишди.

Наманган «Гуллар байрами» акс этган хабарлар ҳамда видеолавҳаларнинг умумий аудиторияси икки миллиарддан ошиқ бўлди.

Дилмурод Жумабоев, Намангандан Kun.uz учун махсус
Суратлар муаллифи Ҳамдамжон Мамадалиев.

Top