17:20 / 03.06.2019
22895

Гризманн «Барселона»га ёлғиз бормоқчи эмас. Сўнгги трансфер янгиликлари

Фото AFP

Куннинг сўнгги трансфер янгиликлари ва миш-мишлари қуйида келтирилади.

Лукаку ва Рабьо қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланадими?

Европада шов-шувли трансферлар бошланиш арафасида. Лекин қайси футболчи қайси клубга ўтиши борасида турли нашрлар турли тахминларни илгари суришмоқда. 

Calcio Mercato нашри тонгда «ПСЖ» «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Ромелу Лукакуга жиддий қизиқаётгани тўғрисида хабар тарқатди. Парижликлар ушбу 26 ёшли бельгиялик футболчини ёзда клубни тарк этиши мумкин бўлган Килиан Мбаппега муносиб ўринбосар сифатида кўраётгани айтилмоқда. Лукакуга эса анчадан буён Антонио Конте билан янги босқичга қадам қўйган «Интер» ҳам жиддий қизиқиб келмоқда.

«ПСЖ» яримҳимоячиси Адриен Рабьо эса фаолиятини давом эттириш учун клуб ахтармоқда. Telefoot хабарига кўра, ушбу 24 ёшли франциялик футболчи Англиядаги бир неча клуб билан музокара ўтказмоқда, бу клублар орасида «Эвертон» ва «МЮ» ҳам бор. Рабьо «ПСЖ»ни эркин агент мақомида тарк этиши аниқ - унинг парижликлар клуби билан шартномаси июнь ойи охирида якунига етади. Футболчи ўтган йилнинг декабридан буён майдонга тушгани йўқ - у клуби билан шартномани узайтиришдан бош тортганидан кейин раҳбарият билан можаро чиққан. Балки клублар Лукаку ва Рабьони айирбошлашар?

Гризманн ва Неймар биргаликда «Барселона»га ўтмоқчи

El Mundo Deportivo нашри Антуан Гризманнинг «Барселона»га ўтиши тафсилотлари тўғрисида хабар тарқатди. Манба маълумотига кўра, франциялик ҳужумчи Каталонияга ёлғиз эмас, балки «ПСЖ» ҳужумчиси Неймар билан бирга йўл олмоқчи. Икки футболчи ҳам кўк-анорранглилар сардори Лионель Месси билан бирга тўп суришни истамоқда.

Гризманн «Барселона» билан Испания чемпионатида ва Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишига ишонч билдирмоқда. Неймар трансфери борасида эса молиявий мураккабликлар бор. Каталонияликлар агар бразилиялик ҳавбек Филиппе Коутиньони катта пулга сота олса, Неймарни клубга қайтаришга уриниб кўриши мумкин.

Гризманнинг «Атлетико» билан шартномасидаги бадал пули миқдори 1 июль куни 200 миллион евродан 120 миллион еврога тушади. Форвард аллақачон «Атлетико» билан хайрлашган, у катта эҳтимол билан янги мавсумни «Барселона»да бошлайди. Неймарнинг шартномасида эса бадал пули миқдори кўрсатилмаган ва «ПСЖ» ҳам уни сотишни режалаштираётгани йўқ. Аммо парижликлар бу футболчининг қилиқларидан тўйса, «Барселона»да уни ўз сафига қўшиб олиш учун имконият туғилади. Каталонияликларда Неймарни Усмон Дембелега айирбошлаш варианти мавжуд.

Азар «Реал»га: 110 миллион евро ва 15 миллион евролик бонуслар

«Челси» ҳужумчиси Эден Азарнинг «Реал»га ўтиши амалда ҳал бўлиб улгурган. Томонлар трансфер бўйича охирги келишувга эришишган -   нашри маълумотига кўра, «Қироллик клуби» 28 ёшли бельгиялик футболчи учун 110 миллион евро тўлайди, бундан ташқари футболчининг натижаларига қараб яна 15 миллион еврогача бонус пуллари «Челси» ғазнасига ўтказилиши мумкин.

«Челси» учун бу ёмон бўлмаган вариант. Аввалига «кўклар» футболчи учун 130 миллион фунт (150 миллион еврога яқин) маблағ талаб қилишаётганди. Аммо кейинги мавсумда шартномаси муддати якунланадиган Азарнинг ўзи ташаббус кўрсатди ва шартномасини узайтирмаслик қарорида қатъий турди. У сўнгги йиллар давомида айнан «Реал»га ўтмоқчилигини бот-бот такрорлаганди. Шундай экан, 110+15 миллион евролик трансфер - икки томонни ҳам қаноатлантиради.

Бельгиялик футболчи Лондон клубида 7 йил тўп сурди. У «Челси» билан икки марта Англия чемпиони бўлди ва икки марта Европа Лигасида ғолиб чиқди. Якунланган мавсумда Азар «кўклар»нинг барча турнирлар доирасидаги 52 ўйинида иштирок этиб, 21 гол урди ҳамда 17 голга узатма берди.

Top