Жаҳон | 00:32 / 09.06.2019
4456
2 дақиқада ўқилади

Молдова парламенти мамлакатнинг янги бош вазирини сайлади

Молдова сиёсат ва давлат арбоби Майя Санду. Фото: vedomosti.md

Молдова Республикаси парламенти депутатлари ЕИ тарафдори бўлган ACUM блоки («Нуфуз ва ҳақиқат платформаси» сиёсий партияси ва «Ҳаракат бирдамлик» партияси сайлови блоки) ҳамраисаси Майя Сандуни бош вазир этиб сайлашди, деб хабар берган парламент спикери Зинаида Гречаний.

Аввалроқ Молдова президенти Игорь Додон парламент фракциялари билан маслаҳатлашувдан сўнг ACUM блоки ҳамраисаси Майя Санду номзодини бош вазир лавозимига илгари суришга қарор қилгани хабар қилинаётган эди.

«Депутатлар Майя Санду номзодини бир овоздан бош вазир этиб тайинлаш учун қўллаб-қувватлашди, уни тайинлов билан табриклаймиз», — деган Гречаний.

Санду парламентга ўз ҳукумати иш дастурини тақдим этган ва вазирлар маҳкамаси иши учта асосий устувор мақсадларга таянишини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, биринчи устувор мақсад — олигархлардан халос бўлиш тўғрисидаги қонунни қабул қилиш; иккинчиси — мамлакатни изоляциядан қутқариш ва иқтисодиётни тиклаш, шерикларнинг ишончига қайта сазовор бўлиш, ислоҳотлар ва ижтимоий сиёсат ўтказиш учун ташқи манбалардан молиялаштириш топиш; учинчиси — фуқароларнинг фаровонлигини юксалтириш.

Санду шунингдек, парламентга ўзи билан бирга ишлайдиган вазирлар жамоасини ҳам тақдим этган.

ACUM ўнг блоки Европа билан интеграциялашувни қўллаб келади, бироқ Молдованинг барча ташқи ҳамкорлари, жумладан, Россия билан ҳам муносабатларни сақлаб қолишга қарши эмас. Блокнинг асосий дастури мамлакатни олигархлар чангалидан қутқаришга йўналтирилган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид