Жаҳон | 09:00 / 14.06.2019
4574
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй матбуот котиби июнь охирида ўз лавозимини тарк этади

Фото: AP Photo / Pablo Martinez Monsivais

АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс июнь охирида ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди ва унинг Арканзас губернатори лавозимига номзодини қўйишига умид билдирди.

“3,5 йилдан кейин бизнинг ажойиб Сара Хакаби Сандерс шу ой охирида Оқ уйни тарк этиб, ажойиб штат – Арканзасга йўл олади. У ақлбовар қилмас ишни амалга оширган ажойиб истеъдодларга эга беназир инсондир. Умид қиламанки, у Арканзас губернатори лавозимига номзодини қўйишга қарор қилади – у фантастик губернатор бўларди. Сара, қилинган иш учун раҳмат!”, деб ёзган Трамп твиттерда.

Ўз навбатида Сандерс қилган ишидан фахрланишини айтган.

“Мен қилган ишимдан фахрланаман ва бу иш мен ҳар доим фахрланиб юрадиган энг яхши ишдир. Бироқ мен онаман, икки нафар ажойиб фарзандим бор ва мен улар билан кўпроқ вақт ўтказишни истардим”, деб айтган Оқ уй матбуот котиби ва “президентни сўзсиз қўллаб-қувватлашда” давом этишини қўшимча қилган. 

Сандерс ушбу лавозимга 2017 йил 26 июлда тайинланган. У бу лавозимда Шон Спайсер ўрнини эгаллаган. Сандерс Трамп 2017 йил январда ўз ишини бошлагандан кейин унинг маъмуриятини тарк этган бир неча ўн амалдорлар сафидан ўрин олади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид