Ўзбекистон | 23:51 / 19.06.2019
40838
4 дақиқада ўқилади

Мактабдаги қабулни пулли қилиш Конституцияга зидми?

Бугун, 19 июнь куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир давомида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 469-қарорида Тошкентдаги 81та мактабда 1-синфга қабул учун тажриба сифатида пулли қабулни кўзда тутувчи янги тизим жорий қилингани муҳокама қилинди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг айтишича, пойтахтнинг 81та мактабида жорий этилаётган янги тартиб Ўзбекистон Конституциясига зид эмас. 

«Ҳар ким мактабда бепул таълим олиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким, жумладан Тошкент шаҳрида ҳам болалар таълимдан мосуво қилинмайди. Лекин Конституцияда ота-она исталган мактабга фарзандини бериши қайд этилмаган, балки мактаб ишлари давлат назоратида экани белгиланган», — дейди у. 

Вазирга кўра, ҳар қандай демократик давлатда кимсанинг ҳуқуқи бошқа кишининг эркинликларини поймол этишни бошласа, чекланиши лозим.

Таъкидланишича, Тошкентдаги 26 фоиз мактабда шаҳардаги жами ўқувчиларнинг 43 фоизи таҳсил олади. Микроҳудуд кесимида яқин-атрофдаги мактабга бориш имконияти йўқолган болаларнинг ҳуқуқлари айнан шу масала юзасидан поймол этилиши айтилди. 

Шунга кўра, Тошкентдаги 309та мактабдан 81тасида 1-синфга қабул учун тажриба сифатида янги тизим жорий қилинмоқда.
Янги тизимга мувофиқ, болалар ён-атрофдаги энг яқин мактабга қабул қилинишда устуворликка эга бўлади. Бошқа ҳудудда доимий яшовчи ота-оналар фарзандини яшаш жойидан узоқда жойлашган мактабга боришини истаса, бўш ўрин пайдо бўлишини кутиши лозим. 

Вазирлар Маҳкамаси қарорида эса бошқа микроҳудуддан ўқишга қабул қилинадиган болаларнинг ота-онаси белгиланган суммани тўласагина фарзандини истаган мактабга жойлаштириш имконияти пайдо бўлиши баён қилинганди. Вазир бу тадбир билан коррупциоген омилларни қирқилишини айтди. 

«Бу рўйхат қанақа тузилган? Бу рўйхат қайси мактабларга ким кўп қўнғироқ қилади, шу томондан келиб чиқиб тузилган. Ҳеч ким бориб уни ушламаган, бошқа қилмаган... Мендан тортиб, мактаб директоригача исталган даражадаги раҳбарни олайлик. Қайсиларига кўп қўнғироқ бўлади? Қўнғироқ орқали жойлаштиришнинг статистикасини тахминан кўрсатдим, тўғрими? Айрим мактабларда энди ўқишга кирган ўқувчиларнинг 50-70 фоизи қўнғироқ-илтимос орқасидан кирган. Бу қўнғироқ дегани ҳаммаси коррупция дегани эмас. Қўнғироқ дегани, қайсидир битта бошқа орган бор, текширувчи бор, бошқа бор ва ҳоказо. Илтимос қиладиган оддий орган бор. Шулар орқали кирган. Энди у дегани ҳаммаси коррупционер дегани эмас», — дейди у. 

Шунга қарамай, белгиланган сумма 2019/20 ўқув йилида 1-синф учун қабул пайти жорий этилмаслиги билдирилди. 

«Бизнинг вазирликка бу тизимга ўзгартиришлар киритиш, рўйхатга янги мактабларни қўшиш ёки камайтириш бўйича, умуман бу тизимни ўзгартириш учун ваколатлар берилган. Шунинг учун, вазирлик сифатида биз яна ўзгаришлар қилишимиз ва керакли механизмларни жорий қилишимиз мумкин », — дейди Шерзод Шерматов.

Тошкент шаҳрида доимий пропискага эга бўлмаган, аммо оиласи билан Тошкент шаҳрида яшаётган болалар эса рўйхат бўйича 228та (қолган 74 фоиз) мактабда таҳсил олиш имкониятига эга.

 

Мавзуга оид