Ўзбекистон | 09:40 / 20.06.2019
14121
4 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти таркибида Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида «Навоий вилояти таркибида Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қарор лойиҳасига кўра, Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳри ва Нурота тумани чегаралари ўзгариши ҳамда Ғозғон шаҳри вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритилиши муносабати билан Навоий вилояти бўйсунувидаги Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ташкил этилади.

Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигидаги республика комиссиясига:

10 кун муддатда Навоий вилояти таркибида вилоятга бўйсунувчи Ғозғон шаҳар ҳокимлигини ташкил этиш билан боғлиқ зарур ташкилий техник тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш;

1 ой муддатда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳри бюджетининг ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогноз параметрларини белгилаш;

Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Ғозғон шаҳрини ташкил этиш даврида иқтисодиёт тармоқларининг аниқ, барқарор ва бир маромда ишлаши, шунингдек, юзага келадиган ижтимоий масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилишини таъминлаш топширилди.

Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига икки ой муддатда ташкил этилаётган вилоятга бўйсунувчи Ғозғон шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тузилмаларини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш вазифаси юклатилди.

Бундан аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг 2019-2021 йилларда Ғозғон шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисидаги қарори лойиҳаси эълон қилинганди.

Дастурнинг асосий йўналишлари этиб ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш даражаси ва фаровонлигини ошириш, Ғозғон шаҳрини пардоз тош қазиб олиш ва ишлов беришга ихтисослашган саноат шаҳрига айлантириш мақсадида мавжуд фойдали қазилмалар – мармар, гранит конларини ўзлаштириш натижасида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва ҳоказолар белгиланганди.

Дастур доирасида амалга ошириладиган тадбирларга барча манбалар ҳисобидан 764,1 млрд. сўм миқдорида маблағлар йўналтирилиши кўзда тутилган.

Ғозғон шаҳрининг батафсил режалаштириш лойиҳасини амалга ошириш орқали архитектура қиёфаси тубдан ўзгартирилади, бунда:

  • умумий узунлиги 81,7 километрдан иборат минтақавий йўллар (ички кўчалар) қурилади ва таъмирланади.
  • электр энергия таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 36 километр янги тармоқ ҳамда 15 та трансформатор янгидан ўрнатилади, 11,2 километр тармоқлар ҳамда 7 та трансформатор модернизация ва реконструкция, 25 км тармоқлар ҳамда 10 та трансформаторлар мукаммал таъмирланади;
  • газ таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 3 километр тармоқлар ва 12 дона газ тарқатиш қурилмалари реконструкция қилинади ҳамда 125 та янги газ балонлари аҳоли эҳтиёжи учун етказиб берилади;
  • 3 та мактабгача таълим муассасаси қурилади, 2 та мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилинади ҳамда бунинг натижасида мактабгача ёшдаги болалар қамрови 85 % дан 100 % га етказилади;
  • 2 та мактаб реконструкция қилинади, 3 та мактаб биноси ва Ғозғон шаҳар халқ таълими бўлими биноси янгидан қурилади;
  • 1 та 100 қатновли қишлоқ оилавий поликлиникаси янгидан қурилади ҳамда бунинг натижасида тиббиёт муассасаларда 8,2 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади;
  • 1 та спорт муассасаси қурилади, 1 та спорт муассасаси реконструкция қилинади қўшимча 1,5 минг нафар аҳолига спорт хизматларни кўрсатиш сифати яхшиланади;
  • 13 та кўп қаватли уй-жойлар таъмирланади ҳамда 10 та янги кўп қаватли уй-жойлар қурилади.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид