Жаҳон | 16:50 / 21.06.2019
11041
2 дақиқада ўқилади

Грузия парламенти спикери намойишлар фонида истеъфога чиқди

© Sputnik / Александр Имедашвили

Грузия парламенти спикери Ираклий Кобахидзе ўз лавозимини тарк этди. Бу ҳақда ҳукуматдаги «Грузия орзуси — Демократик Грузия» партияси бош котиби, Тбилиси шаҳри мэри Каха Каладзе маълум қилди.

Кобахидзенинг истеъфоси — Тбилисида 20 июнь куни бошланган намойиш иштирокчилари қўяётган талаблардан бири эди. Оммавий акция иштирокчилари Ички ишлар вазири ва Хавфсизлик хизмати раҳбари истеъфосини ҳам талаб қилишмоқда.

Парламент биноси олдидаги намойишлар парламентда Россия Давлат думаси депутати Сергей Гавриловнинг чиқиш қилиши ортидан бошланиб кетди. Гаврилов спикер ўриндиғида ўтириб рус тилида чиқиш қилгани мухолифатдаги партиялар вакиллари томонидан норозилик билан қарши олинди ва улар Тбилиси аҳлини намойишларга чақирди.

Полиция Тбилисидаги намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ, резина ўқлар ва водомёт қўллади. Тўқнашувлар вақтида жами 240 киши жароҳатланган, шундан 80 нафари полициячилар. Ўтган вақт мобайнида намойиш иштирокчиларининг 100 нафаридан ортиғи қўлга олинган. 

Мухолифат 21 июнь куни кечқурун янги намойишлар ўтказилишини эълон қилган.

Мавзуга оид