Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Замонавий турмуш тарзи саратон чақиришининг сабаби нимада?
Цивилизациянинг ижобий жиҳатлари инсонларга қарши бўлиб чиқди. Бироқ ҳар бир одам ўз саломатлиги ҳақида қайғурса, хавфларни камайтиришга қодир, дейди Лайфхакер.
Ҳаёт даражаси юқори мамлакатларда саратон касалига 1,8 фоиз кўпроқ чалинишади. Меланома, буйрак саратони билан касалланган беморлар сони бўйича улар ривожланаётган мамлакатларни уч марта ортда қолдиришади. Ғарб дунёси простата саратони, тўғри ичак ва кўкрак бези саратони касаллиги бўйича етакчилик қилади.
Ҳаёт даражаси паст бўлган мамлакатларда салбий ўсимталарнинг 25 фоизини одам папиллома вируси, Эпштейн-Барр вируси ва 8 турдаги герпес ва бошқа инфекциялари чақиради. Тиббиёт ривожлангани сайин инфекцияни енгиш усуллари пайдо бўлмоқда. Бироқ шунга қарамай, саратон билан касалланиш кўрсаткичлари тез ўсмоқда.
Вируслар ўрнига салбий экология ва носоғлом турмуш тарзи келмоқда. Қуйида қайси омиллар касалликка олиб келаётганига ойдинлик киритамиз.
Саратон пайдо бўлишига нима сабаб бўлмоқда?
Жисмоний фаолликнинг етишмаслиги
Бутун дунё бўйлаб 31 фоиз катта ёшдаги одамлар етарли ҳаракатланишмайди. Турмуш даражаси юқори бўлган мамлакатларда жисмоний фаоллик камроқ ривожланган ва фаровон бўлмаганлардагига қараганда пастроқ.
Жисмоний фаоллик кўкрак саратони ривожланиш хавфини 25 фоизга, тўғри ичакникини эса 40-50 фоизга камайтиради.
Олимлар жисмоний фаоллик нима учун саратондан ҳимоя қилишини билишмайди. Фаоллик жинсий ва метаболик гормонлар ҳамда ўсиш омилларига таъсир қилади, деган тахмин мавжуд. Кўкрак бези саратони хавфи эстрогенлар ишлаб чиқарилишининг камайиши эвазига пасаяди, деган тахминлар мавжуд.
Жисмоний фаоллик ичаклар перистальтикасини яхшилайди, овқат у ерда узоқ қолмайди. Бу эса яллиғланиш ва саратон хавфини камайтиради.
Ҳаракатнинг етишмовчилиги инсулинга сезувчанликни пасайтиради. Бу эса ўсимталар ўсиши учун ёқимли муҳитни яратади.
Жисмоний фаолик носпецифик иммунитет – фагоцитларнинг тирик ва ўлик зарраларни ютишини оширади. Бу саратон ҳужайраларини йўқ қилишда ёрдам беради.
Фаоллик вазнни камайтириш ва уни бир меъёрда ушлаб туришга ёрдам беради.
Кўпчилик шифокорлар ҳафтасига 5 ва ундан кўпроқ кун давомида 30 дақиқадан жисмоний машқлар билан шуғулланишни тавсия этишади.
Семизлик ва ортиқча вазн 2017 йилда 774 миллион киши семизликдан азият чеккан. Уларнинг кўпчилиги – ривожланган мамлакатларда: АҚШ (33 фоиз), Саудия Арабистони (34,7 фоиз), Канада (28 фоиз), Австралия (28,6 фоиз), Буюк Британия (28,1 фоиз).
Семиз одамлар овқат ҳазм қилиш, қалқонсимон без, буйраклар, жигар ва ўт пуфаги органлари саратонига кўпроқ чалинишади.
Бу ҳолатда ҳам олимлар нима учун ортиқча ёғ саратонга олиб келишини билишмайди. Бироқ учта эҳтимолдаги сабабни келтирадилар:
Гормонал фон ўзгаради. Ёғ ҳужайраларни кўпроқ бўлинишга мажбур қиладиган гормонлар (инсулин ва бошқа ўсиш омиллари)ни эркинлаштиради.
Яллиғланиш ортади. Ёғ ҳужайралари ортиши билан иммунитет ҳужайраларни ҳам кўпаяди. Иммунитет ҳужайралари яллиғланишни келтириб чиқарадиган моддалар – цитоксин ишлаб чиқаради. Бу эса ҳужайраларни кўпроқ бўлинишга мажбур қилади ва саратон ривожланиши хавфини орттиради.
Жинсий гормонлар. Ёғ ҳужайралари аёллар жинсий гормонлар – эстрогенларни эркинлаштиради. Менопазудан кейин эстрогеннинг юқори кўрсаткичда бўлиши кўкрак ва бачадон ҳужайраларига салбий таъсир кўрсатади: ҳужайраларни тезроқ бўлинишга мажбур қилади, мутация ва саратонни қўзғатади.
Ортиқча вазндан қанча узоқ вақт давомида азият чексангиз, саратон билан касалланиш хавфи ҳам шунча юқори бўлади. Ортиқча килограмдан иложи борича тезроқ халос бўлинг: соғлом овқатланишни бошланг, кўпроқ ҳаракатланинг ва ўз спорт турингизни топинг.
Қовурилган ва шўр таомларни ҳаддан зиёд истеъмол қилиш
Фастфуд, тузли егуликлар, маринадланган маҳсулотлар ва қовурилган гўшт таркибида канцерогенлар бўлади ва саратон ривожланиши эҳтимолини оширади.
Шўр маҳсулотларни доимий равишда истеъмол қилиш ошқозон саратони хавфини 1,78 марта оширса, йўғон ичак саратони – 1,53 марта ва тўғри ичакда эса бу кўрсаткич 1,74 марта ошади. Дудланган ва маринадланган маҳсулотлар ҳам бу хавфини оширади.
Гўшт қайта ишланган ҳарорат қанча юқори бўлса, у шунча зарарли бўлади. Гўшт 100 даража иссиқ ҳароратда пиширилганида унда зарарли моддалар кам ҳосил бўлади. Бироқ ҳарорат 150 даража иссиқ кўрсаткичидан ортса, канцерогенлар миқдори ортади.
Саратондан ҳимоя қилишда ёрдам берадиган фойдали маҳсулотлар ҳам бор. Сариқ ва яшил рангдаги сабзавотлар, мевалар (айниқса цитрус), тофу сояли пишлоғи, кунжут мойи хавфни камайтиради.
Шунинг учун:
Гўштга 100-150 даража иссиқ ҳароратда ишлов бермаслик керак.
Уни қайнатинг, буғда пиширинг ва паст ҳароратда товада қовуринг.
Рациондан маринадланган маҳсулотлар, шўр балиқни чиқариб ташланг. Таомларга тузни камроқ солинг.
Кўпроқ яшил ва сариқ рангдаги сабзавотлар, меваларни истеъмол қилинг.
Салатларни кунжут мойи билан аралаштиринг
Зарарли одатлар
Алкоголь
Спиртли ичимликлар оғиз бўшлиғи, ҳалқум ва томоқда саратон ривожланиши хавфини оширади. Алкоголь истеъмол қилиш колоректал саратон – йўғон ичакда ўсимталар ҳосил бўлиш хавфини оширади. Аёллар учун эса спиртли ичимликлар истеъмол қилиш кўкрак бези саратони хавфи ортишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, алкоголь жигар саратони ривожланиши хавфини оширадиган циррознинг ривожланишига олиб келади.
Алкоголь нима учун саратон хавфини ошириши борасида бир неча тахминлар бор:
Алкоголнинг ацетальдегид каби айрим метаболитлари канцероген бўлиши мумкин.
Алкоголь простагландин миқдорини оширади.
Алкоголь канцерогенларнинг ҳужайрага сингишини кўпайтиради.
Тамаки чекиш
Тамаки чекиш – ўпка саратонининг асосий сабаби. Эркаклардаги жами ўпка саратони ҳолатларининг 80 фоизи ва аёлларда эса 50 фоизи ана шу зарарли одат туфайли келиб чиққан.
Бироқ чекишдан ўпканинг ўзигина азият чекмайди. Олимлар тамаки чекишни саратоннинг 15 тури билан боғлашади. Қизилўнгач, қовуқ, ошқозон ости бези ва жигар саратони шулар жумласидандир.
Тамаки тутунида 80 тадан кам бўлмаган канцероген мавжуд. Ушбу моддалар мутация ва ҳужайралар ўлимини чақиради. Бундан ташқари, фаол чекиш каротин, криптоксантин ва аскорбин кислотаси каби антиоксидантлар миқдорини камайтиради.
Организм чекиш зўриқишини енгади, бироқ қанча кўп чексангиз, унга шунча оғир бўлади. Чекиш муддати кунига чекилаётган сигарет миқдорига қараганда муҳимроқ.
Ўн йил давомида кунига иккита сигарет чекиш беш йил давомида кунига бир қутидан сигарет чекишга қараганда хавфлироқ.
Шунинг учун сигаретлар сонини камайтириб, аста-секин чекишни ташлаш ярамайди. Ёдингизда бўлсин: қанча узоқ вақт давомида чексангиз, касал бўлиш хавфи шунча ортади.
Зўриқишлар
Доимий зўриқиш ва депрессия – замонавий жамият балоси. Жамиятдаги тезкор ўзгаришлар, вақт етишмаслиги ва ишдаги босим ҳолатлар зўриқиш билан боғлиқ бузилишлар миқдорини оширади.
Зўриқиш саратон юзага келиши хавфини оширади ва касалликнинг кечишини тезлаштиради. Зўриқиш гормонлари (норадреналин ва адреналин) миграция ва ҳужайралар ҳужумини чақиради. Шунинг учун саратон бутун организм бўйлаб тезроқ тарқалади.
Шунингдек, зўриқиш иммунитетни туширади, организмда эса зарарланган ҳужайраларга қарши курашиш воситалари йўқолади.
Хулоса
Ҳеч нарса бизни саратондан 100 фоиз ҳимоя қилмайди. Бартараф этиш мураккаб ва иложсиз бўлган омиллар доимо қолади. Масалан, ирсий мойиллик ёки атроф-муҳитнинг ифлосланиши. Бироқ кўп нарса ўзимизга ҳам боғлиқ.
Мавзуга оид
21:00 / 27.04.2026
Олимлар юрак саратонининг кам учраши сабабини аниқлади
16:03 / 04.03.2026
Ўзбекистонда саратонга қарши курашиш бўйича миллий дастур қабул қилинади
19:22 / 31.01.2026
Ўзбекистонда АҚШ олимлари билан саратонни эрта аниқлаш бўйича янги лойиҳа ишлаб чиқилди
14:47 / 22.12.2025