19:55 / 24.06.2019
12353

«Аср битими» фаластин халқига таклиф қилинаётган пора деб аталди  

Фото: Hamad I Mohammed / Reuters

Фаластинни озод қилиш ҳаракати (ФАТҲ) АҚШнинг Фаластинни ривожлантириш учун 50 млрд доллар жалб қилинишини кўзда тутувчи араб-исроил можаросини тартибга солиш режасини рад этди. Бу ҳақда ФАТҲ баёнотига иқтибос келтирган ҳолда Ynetnews нашри хабар берди. 

АҚШ битимнинг иқтисодий томонини 23 июнда маълум қилди. 

ФАТҲ Оқ уйнинг “аср битими” деб аталаётган ушбу режасини “фаластин халқига таклиф қилинаётган ва араб пулларига асосланган пора” деб атади. Ташкилот АҚШнинг таклифи ҳақиқатда мустақил давлатни орзу қилаётган фаластинликлар умидларига чек қўяди, деб ҳисобламоқда.

Режа доирасида Оқ уй бевосита Фаластинга 27,5 млрд доллар сармоя киритишни ва яна 22,8 млрд доллар Миср, Иордания ва Ливанда яшовчи фаластинликларга сарфлашни таклиф қилган. Режа муаллифларининг ҳисоб-китобига кўра, бунинг натижасида Фаластин ялпи ички маҳсулоти 2 маротаба ошади, ишсизлик эса минимум даражагача қисқаради. 

Фаластинлик сиёсатчилар, жумладан Фаластин президенти ва ФАТҲ раиси Маҳмуд Аббос бу таклифни рад этди.

“Сиёсий ечим бўлмагунча, масаланинг иқтисодий томонини муҳокама қилмаймиз”, деб айтган Аббос. Унга фаластинлик бошқа сиёсатчилар ҳам қўшилишган. Уларнинг таъкидлашича, факластинликларга “АҚШ пуллари эмас”, балки Исроил оккупациясидан халос бўлиш талаб этилади ва кўринишича, ушбу режа Исроил манфаатлари йўлида яратилган.  

Ушбу режа Вашингтон томонидан Дональд Трамп президент бўлгандан бери тайёрланиб келинади, бироқ Фаластин АҚШ Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олгандан кейин 2017 йил декабрдаёқ АҚШнинг араб-исроил можаросини тартибга солишдаги иштирокини рад этган. 

Top