Ўзбекистон | 22:08 / 25.06.2019
63663
3 дақиқада ўқилади

ЙПХ ходимлари ҳуқуқбузарлигини «фош этиш» тақиқланиши мумкин

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори лойиҳасида ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабат қайд қилинган маълумотларни интернетга рухсатсиз юклашни тақиқлаш таклиф этилган.

Қарор лойиҳасида «ўзаро муносабатини ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилган йўл ҳаракати қатнашчиларига ушбу маълумотларни Интернет жаҳон ахборот тармоғига ўзининг рухсатисиз тарқатиши мумкин эмаслигини тушунтириш» ва «ўзига тегишли аудио, фото ва видео қурилмага ЙПХ ходими билан ўзаро муносабати қайд қилинган маълумотларни Интернет жаҳон ахборот тармоғига рухсатсиз жойлаштирмаслик» каби жумлалар билан тўлдириш таклиф этилган. 

Қайд этиш керакки, интернетда ЙПХ ходими ҳуқуқбузарлиги акс этган кўплаб видеолар тарқатилган бўлиб, сўнгги пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари бунга тегишли муносабат билдириб келаётганди. 

Вазирлар Маҳкамасининг айни қарор лойиҳасида ЙПХ ходими билан ўзаро муносабатлар қайд этилган видео/маълумотларни интернетда эълон қилиш учун қандай ва кимдан рухсат олишига аниқлик киритилмаган. 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 29-моддасига кўра, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар кимнинг ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи кафолатланган, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. 

Шунга қарамай, ЙПХ ходими иштирокидаги турли видео/маълумотларни интернетда тарқатиш қонун билан тақиқланмаган. Қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари эса ўзидан юқори турувчи норматив ҳужжатларга зид келмаслиги керак.

Бундан ташқари, фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий мезонларидан бири — жамоатчилик назорати механизми сифатида шахслар қонунда белгиланган тартибда ваколатли шахсларнинг ҳуқуқбузарлик ё салбий ҳаракатини танқид қилиш ҳақига эга.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид