Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бектемир туман ҳокимлигининг «бурнидаги қашқаси» қачон битади?
Мақола сарлавҳасини ўқиб ҳайрон бўлгандирсиз. Дарҳақиқат, таҳририятга келиб тушган навбатдаги мурожаат айнан шу сўзлар билан бошланар эди.
Қуйида ушбу мурожаат ўзгартиришсиз ҳавола этилади.
Бектемир туман ҳокимлигининг «бурнидаги қашқаси» қачон битади? Тошкент шаҳрининг дарвозаларидан бири ҳисобланган Бектемир туманида ҳам пойтахтнинг бошқа туманларида бўлгани каби қурилиш ишлари авжида. Бироқ халқ орасида пойтахтнинг «қишлоғи» сифатида эътироф этиладиган бу ҳудуддаги қурилиш ишлари том маънода чекка қишлоқлардагига хос тарзда ташкил қилинмоқда. Бундан қарийб бир ой муқаддам тумандаги Олтинтопган ва Ҳусайн Бойқаро кўчаларининг Бектемир шоҳкўчасида кесишадиган қисмидаги катта чорраҳанинг автомобиль йўл қисми икки томондан кавланиб, ер остидан қувур (балки бошқа нарсадир, буниси биз каби оддий халққа қоронғи) ўтказилди. Тан олиш керак, асфальт йўлни кавлаб очиш, керакли миссияни бажариш ва кавланган жойни тўлдириб қўйиш тезкорлик билан амалга оширилди. Ҳамма муаммо шундан кейин бошланди.

Мазкур чорраҳадан ўтиш Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ, Пискент, Оққўрғон, Бўка ва Бекобод туманлари ҳамда Бекобод шаҳри ва вилоятнинг маркази бўлмиш Нурафшон шаҳри аҳолиси учун Тошкент шаҳрига кириб келишнинг ягона йўли ҳисобланади (бошқа йўл ҳам бор-ку, лекин босиб ўтиладиган масофаси анча узоққа айланиб кетади-да). Тасаввур қилиб кўринг...

Юқорида саналган туманлардан бирида яшасам-да, иш жойим Тошкент шаҳрида бўлгани боис (менга ўхшаганлар минглаб бўлса керак) мен ҳам деярли ҳар куни шу чорраҳадан ўтишга мажбурман.

Муаммо нимада дейсизми? Муаммо шундаки, ҳалиги йўлнинг асфальти бузилиб, кавланган жойлари шунчаки тош-қум билан тўлдириб қўйилди, устидан асфальт тортилмади. Бунинг эвазига йўлнинг шу қисмида чуқур ва тошлоқлик ҳосил бўлди. Ўртача соатига 50-60 км тезликда ҳаракатланиб ўтиб кетадиган машиналар эндиликда бу чуқурдан тўхтаб, бир муддат «нафас ростлаб» сўнг ўтишмоқда (тўғрида, ким ҳам машинасини чуқур устидан тезликда ўтиб азоблагиси келади). Бунинг эвазига узунлиги бир километргача чўзилган, куннинг 30 даражадан кам бўлмаган иссиғида ярим соатдан кам бўлмаган доимий тирбандлик юзага келмоқда. Чорраҳадаги чангдан, тирбандликни тарқата олмай жони ҳалак бўлаётган йўл патруль хизмати инспекторларига эса ачиниб кетасан киши.

Бектемир туман ҳокимлиги-ю, «бурун қашқаси»нинг бунга нима алоқаси бор дейсизми? Алоқаси шундаки, ушбу ўйдим-чуқур бўлиб ётган йўл, туман ҳокимлигининг халқ таъбири билан айтганда шундоққина бурнининг тагида. Туман ҳокимлигининг олди, қолаверса стратегик аҳамиятга эга бўлган йўлнинг аҳвол шу бўлса туманнинг қолган жойларида аҳвол қандай экан, деб ўйлаб қоласан киши.

Ҳурматли таҳририят ходимлари, ушбу мурожаатимни сайтингизда чиқармасангиз ҳам майли, чунки халқнинг соатлаб «пробка»да туриши барибир ҳокимлик вакилларини унчалик қизиқтирмаса керак. Асфальтнинг нархи осмонда бўлса, ҳар бир қарич чуқур кимни ўлдирибди...
Ҳурмат билан Воситжон Дилшодов
Мавзуга оид
18:59 / 09.05.2026
Тошкентда ўйинчоқ машинада автомобил йўлида ҳаракатланган боланинг отаси жавобгарликка тортилди
12:52 / 02.03.2026
Бектемир туманида пиёда иштирокида ЙТҲ содир бўлди
13:01 / 03.02.2026
Бектемирдаги «Сувмаш» ҳудудида қора тутун чиқиши бўйича тезкор чора кўрилди
13:16 / 22.01.2026