Жамият | 08:50 / 28.06.2019
5604
2 дақиқада ўқилади

Бухоро ва Навоий вилоятларида журналист ва матбаачилар мукофотланди

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Бухоро шаҳридаги «Рудизар» ресторанида Бухоро вилоятида фаолият кўрсатаётган журналистлар, матбуот ва матбаачилик соҳаси ходимлари учун тантанали байрам уюштирилди.

Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев сўзга чиқиб, уларни касб байрамлари билан қизғин табриклар экан, сўз эркинлиги жамиятимизда жамоатчилик назоратини яратишдаги ўрни ҳақида тўхталди. Журналистлар ва матбаачиларга келгуси ишларида омадлар тилади. Меҳнати республика даражасида эътироф олган бухоролик қаламкашлар тилга олиб ўтилди.

Вилоятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни тезкорлик билан ёритишда ҳисса қўшган маҳаллий ва республика журналистларига вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи, эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, анжуманда иштирок этган 300дан ортиқ журналистнинг ҳар бирига махсус совғалар берилди.

Навоий шаҳридаги «Фаровон» тантаналар кошонасида ҳам навоийлик матбаа ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда вилоятдаги 30дан ортиқ телерадио ва газета таҳририятлари ҳамда 40га яқин матбаа корхоналари меҳнат жамоалари қатнашди. Тадбир аввалида вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Солиев машаққатли касб эгаларига табрик йўллар экан, уларнинг фаолиятига муваффақиятлар тилади. Бугунгача соҳа эгаларнинг 10 нафардан ортиғи давлат мукофотларига эга бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, республика танловларида навоийлик журналистлар иштирокининг салмоғи кўпаяётганига ҳам урғу берди. Шундан сўнг, таҳририятларнинг 30 нафар ижодий ходимларига вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди. Бундан ташқари, Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, вилоят ички ишлар, экология бошқармалари ҳам улар билан фаол ҳамкорлик олиб бораётган журналистларни тақдирлади.

Ўз мухбиримиз.

Мавзуга оид