16:00 / 28.06.2019
5789

Яккасарой тумани Шанхай билан ўзаро алоқалар ўрнатмоқда

Хитой Халқ Республикаси Шанхай шаҳри Жиадинг (Цзядин) тумани мэрияси таклифига биноан, Яккасарой тумани ҳокими Б.Шамуратов раҳбарлигида Яккасарой туманида фаолият юритаётган бир гуруҳ тадбиркорлар Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлдилар.

Ўзбек делегациясининг ташрифи – Шанхай ва Тошкент ўртасида ўрнатилган дўстона алоқаларнинг 25 йиллигига узвий боғланган ҳолда ташкил этилди. Хизмат сафари жараёнида, келгусида Яккасарой тумани ҳокимлиги билан Жиадинг тумани мэрияси ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш, шерикчилик доирасини кенгайтириш, ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш, Хитой Халқ Республикасида ҳозирда амалга жорий этилган илғор технологияларни Яккасарой туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тадбиқ этишни қўллаб-қувватлаш, туман инфратузилмаси ва бошқа бир қатор соҳаларда иш олиб бориш мақсадида, Жиадинг тумани мэриясида учрашув ташкиллаштирилди ва мэриянинг фаолияти билан яқиндан танишилди.

Учрашувда Жиадинг тумани савдо-саноат палатаси, туризм департаменти раҳбарлари иштирок этдилар. Ташриф чоғида Жиадинг туманидаги технопарк, иқтисодий зоналар, уй-жой қурилиши объектлари ва саноат машинасозлиги каби тузилмалар фаолияти билан танишилди.

Ўз навбатида туман мэри жаноб Лу Фанчжоу Жиадинг тумани Шанхай шаҳри мегополисида етакчи ўринни эгаллаётгани ва келгусида Яккасарой тумани ҳокимлиги ҳамда Жиадинг мэрияси билан биргаликда ўзаро, икки томонга наф берадиган бир қатор йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикаси Шанхай шаҳридаги Бош консули иштирокида Яккасарой тумани тадбиркорлари ҳамда Жиадинг тумани мэрияси ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокида ўтказилган учрашув жараёнида Тошкент шаҳри ва Яккасарой туманининг ижтимоий-иқтисодий, инвестиция салоҳияти ёритиб берилди.

Учрашувда Хитой Халқ Республикасининг “Yiwu Wenli Import & Export Co.Ltd”, “Shanghai Tita Machinery & Equipment Co.Ltd”, ва “Oha Industru Trade (Shanghai) Co Ltd” компаниялари билан Яккасарой туманида фаолият юритаётган “GuIsana Tekstil Invect” ва “Grand Capital” МЧЖлар ўртасида Яккасарой тумани иқтисодиётининг ривожи учун 10 млн АҚШ долларидан зиёд қийматида бўлган инвестиция киритиш масаласи келишиб олинди.

Делегация аъзолари Жиадинг туманида жойлашган бир қатор ижтимоий объектларда ҳам бўлдилар. Жумладан, мактабгача таълим муассасалари, ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Бундан ташқари, Жиадинг туманида фаолият юритаётган автомобилсозликка ихтисослаштирилган корхоналар мажмуасида, “Автомобиллар тарихи” музейида, “2017 йилда жаҳоннинг энг яхши кутубхонаси” номинациясини қўлга киритган кутубхонада ҳамда театр масканларининг бирида бўлдилар.

Келгусида Яккасарой тумани ҳокимлиги ҳамда Жиадинг тумани мэрияси ҳамкорлигида иккала томон янада кенг кўламда, кўплаб соҳаларни қамраб олган ҳолда ҳамкорликда иш олиб боришини инобатга олиб, Жиадинг тумани мэрияси раҳбарияти ва тадбиркорларини мамлакатимизга, жумладан Яккасарой туманига ташриф буюришлари таклиф этилади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top