19:10 / 30.06.2019
18921

Ўзбекистонда меҳмонхоналар хизмати талаб даражасида(ми)?

Ўзбекистоннинг халқаро «юмшоқ»  имиджини белгилашда қатор омиллар инобатга олиниши лозим. Миллий урф-одат ва маданият, туризм объектлари ва ҳудудлари, транспорт тизими, хусусан, аэропорт ва албатта, талаб даражасидаги вақтинчалик турар жойлар мамлакат қиёфасини зоҳиран яратса, улар орасида меҳмонхона индустрияси алоҳида эътибор берадиган йўналиш ҳисобланади. 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси 2019 йилнинг июнь ҳолатига кўра, жами 1001та жойлашиш воситалари (меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш бўйича хизматлар) кўрсатиладиган объектлар, жумладан, меҳмонхоналар, туристик базалар ва мажмуалари, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионат, кемпинг, мотел, хостеллар ва бошқалар) мавжудлигини маълум қилган. Улардан 800га яқини меҳмонхоналар ҳисобланади.

Хўш, республикада меҳмонхона тизими қандай ишлайди? Мижозларнинг талаби тўлиқ қондириляптими? Мавзуда долзарб масалалар: нарх, хизмат кўрсатиш сифати, стандартлаштириш, кадрлар тайёрлаш кабилар муҳокама этилади.

«Сифатнинг пастлиги фақат хизмат кўрсатувчининг айби эмас» 

Меҳмонхона бошқарувчиси Фарруҳ Жўраев:

«Меҳмон кутиб олишда энг оддий, кўз илғамас жиҳатга ҳам катта эътибор бериш керак. Мижоз айнан шу тарафига диққатини қаратади. Агар у салбий фикр билан кетадиган бўлса, бу меҳмонхона обрўсига путур етказади. Тошкент шаҳрида меҳмонхоналарда хизмат сифати нисбатан яхшироқ, аммо вилоятларда (туристлар оқими паст бўлган ҳудудлар) аҳвол аксинча. Айрим меҳмонхоналар сифати паст маҳсулотлардан фойдаланишади. Натижада, меҳмоннинг «ҳафсаласи пир бўлади». Айбни тўлиғича хизмат кўрсатувчининг ўзига юклаш нотўғри бўлади. Уларда етарлича малака йўқ. Меҳмонхона бошқарувини чуқур тушунадиган мутахассислар жуда кам. Борлари ҳам ёки хорижга чиқиб кетган, ёки пойтахтда фаолият олиб боради» .

Меҳмонхона хизматидан норози бўлганда кимга мурожаат қилиш керак?

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қошидаги туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази раҳбари Нуриддин Исломов:

«Республикада умумий ҳисобда 1001та жойлашиш воситалари мавжуд. 800 тага яқини меҳмонхона бўлиб, улардан 42 таси давлат, қолганлари хусусий ҳисобланади. Марказимиз улардаги хизмат сифатини назорат қилади. Бу жараён 2 хил стандарт асосида амалга оширилади. Биринчиси, Oʻz DSt 3220:2017 стандарти. Унда жойлашиш воситаларига минимал талаб (жумладан, шовқин даражаси, хона ёруғлиги, кенглиги, хавфсизлик қоидалари, жиҳозланиши ва бошқалар)лар қўйилади. Oʻz DSt 3296:2018 стандартида эса меҳмонхона ва шунга ўхшаш жойлаштириш воситаларининг классификация тизими, қандай талабларга асосан юлдузлар берилиши батафсил кўрсатилган. Бу сертификатлар ҳар 3 йилда берилади. Мижозларга юқоридаги талаблар бўйича хизмат кўрсатилмаса, меҳмонхона эгасига вазиятни ўзгартириши учун бир ой муҳлат берилади. Шу муддат ичида талаб қондирилмаса, сертификат бекор қилинади» .

Исломовнинг таъкидлашича, меҳмонхона хизмати нархини ҳар бир бошқарувчи ўзи мустақил равишда белгилайди, ҳеч қайси орган нарх сиёсатига аралашмайди. Агар мижоз хизмат сифати белгиланган нарх билан тўғри келмаётганлигидан шикоят қилса, сертификатлаштириш маркази тегишли чора кўришга ҳақли. Шу ва бошқа хизмат турларидан қониқмаслик ҳолати бўлса, фуқаролар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Call-center: 1163, 71-200-00-88 рақамларига мурожаат қилишлари мумкин.

Меҳмонхона бошқарувчиларининг муаммоларини ҳал қиладиган ташкилот борми?

Айни вақтда Меҳмонхона ва ресторанлар эгалари уюшмаси ўз фаолиятини олиб боряпти. Шу билан бир қаторда, жорий йилнинг 2 апрелида ташкил қилинган меҳмонхоналар уюшмаси йиғилиб қолган масалаларни муҳокама қилиш, бу соҳада ўзаро ҳамкорликни ошириш, меҳмонхоналарнинг ягона тизимини яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Уюшма раиси Фарангиз Абдуллаева бу ҳақида батафсил маълумот берди:

«Меҳмонхоналар уюшмаси нодавлат ташкилот сифатида тузилганига уч ой бўляпти. Тузилманинг мақсади —  хорижий тажрибани ўрганиш, чет эллик ҳамкасбларимиздан фойдали билимларни олиш мақсадида турли музокараларни ўтказмоқдамиз.

Туркиянинг TICA, Англиянинг Pearson, Швециянинг EHL компаниялари билан кадрлар тайёрлаш ва қатор йўналишларда ҳамкорлик юзасидан иш олиб боряпмиз. Аъзолик масаласига келсак, бу жараён устида аниқ тўхтамга келингани йўқ. Аввало, биз меҳмонхоналарнинг вазиятини тўлиқ ўрганишимиз, халқаро тажрибадан фойдаланишимиз, аъзолик эвазига нима бера олишимизни ҳал қилишимиз зарур» .

Меҳмонхоналарда қандай муаммолар йиғилиб қолган?

Фарангиз Абдуллаеванинг маълумот беришича, 26 июнда меҳмонхона бошқарувчилари иштирокида тадбир ташкил қилинди. Унда асосан Тошкент ва Самарқанддан ташриф буюрган 30 дан ортиқ соҳа вакиллари қатнашди. Иштирокчилар ўзларини қийнаётган қуйидаги масалаларни ўртага ташлашди:

Кадрлар қўнимсизлиги. Пойтахт меҳмонхоналаридан фарқли ўлароқ, вилоятларда бу, мавсумий иш бўлгани учун ходимлар тез-тез алмашиб туради. Ўз навбатида, бошқарувчи ҳам уларга катта эътибор бермайди, малакасини оширишга эса умуман диққатини қаратмайди. Шундай қилиш керакки, мавсумий бўлмаган пайтдаям ходимларни қўшимча иш билан таъминлай олиш лозим. Бу борада хорижий тажрибани ўрганиш мақсадга мувофиқдир;

Меҳмонхона стандарти. Анжуманда иштирокчилар меҳмонхона учун тоифа олиш мажбурий эмаслигидан келиб чиққан ҳолда юлдузларсиз ҳам фаолият олиб бориш тарафдори эканликларини баён этишди. Лекин бу бирёқлама ёндашув. Агар юлдузлар бекор бўлса, ривожланиб бораётган туризм бозорида меҳмонхона ўз ўрнини йўқотиши ва бу борада рақобатчиларидан ортда қолиб кетиши мумкин. Бу ерда бизнинг вазифамиз икки томон учун ҳам манфаатли ечимни топиш;

Солиқ имтиёзларини бериш. Мавсумий ишлайдиган меҳмонхоналарга солиқ имтиёзларини бериш масаласи. Тошкентда қишин-ёзин меҳмонлар қабул қилинади. Вилоят меҳмонхоналари эса фақат мавсум пайти (зиёрат пайти, яъни баҳор-ёз ойларида) фаолият юритади. Шундан келиб чиқиб, уларни айрим солиқлардан озод қилиш;

Ҳукумат билан мулоқот ўрнатиш. Меҳмонхона индустриясини бирлаштирувчи тўлақонли уюшманинг йўқлиги ҳар ким ўз муаммосини ўзича ҳал қилишига, яккаланиб қолишига олиб келди. Агар бирлашсак, аниқ муаммоларни кўндаланг қўйсак, уларнинг ечими юзасидан ҳукумат ҳам ёрдам беради.

Бир жиҳат эътиборга олиниши лозим: юқоридаги муаммолар бир нечта ҳудудга тегишли, холос. Бошқа вилоятларда вазият бошқача бўлиши мумкин. Шунинг учун ассоциация қолган ҳудудларни ҳам бориб ўрганади.

Меҳмонхона очишда қанақа имтиёзлар бор?

Хориждан кадр жалб қилиш. 2022 йил 1 январгача меҳмонхоналар бошқарувчи ходим сифатида жалб этилган чет эл мутахассисининг иш ҳақидан ягона ижтимоий тўловдан озод қилинади. 2022 йил 1 январгача бошқарувчи ходим сифатида таклиф қилинган мутахассисларнинг даромади жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Солиқ ва божхона тўловларидан озод қилиш. 2022 йил 1 январгача туристик инфраструктураларни жиҳозлаш учун хориждан келтириладиган асбоб-ускуналар, керакли жиҳозларни республика ҳудудига олиб қиришда божхона тўловларидан озод қилинади.

Субсидия ажратиш. Жорий йилнинг 3-июнида «Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақида» ги низом тасдиқланди. Унга кўра, инвесторларнинг меҳмонхоналари 3 юлдузли тоифага кирса ва хоналари 50 тадан кам бўлмаса ёки 4 юлдузли ва 100 та хонадан кам бўлмаса давлат бюджетидан субсидия берилади.

Субсидия бир марта 3 юлдузли меҳмонхона ҳар бир хонаси учун 40 млн.сўмдан, 4 юлдузли учун эса ҳар бир хонасига 65 млн.сўм берилади. Франчайзинг асосида нуфузли бренддан фойдаланиш учун тузилган шартнома кучга кирган вақтдан 3 йил давомида ҳар йили бир марта давлат бюджетидан молиялаштирилади. Ташкилотларни молиялаштириш қуйидагича бўлади:

3 юлдузли дастлабки 50 та меҳмонхонанинг битта хонаси учун 200 АҚШ доллари, 4 юлдузли дастлабки 300 та меҳмонхонанинг битта хонаси учун 400 АҚШ доллари. Тадбиркорлар субсидия ажратиш ва молиялаштириш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига мурожаат қилишлари мумкин.

Меҳмонхона ассоциацияси очилгани соҳада янги қадам бўлди, деб айтиш мумкин. Ташкилот ўз олдига қўйган мақсадларини амалга оширолса, неча йиллик муаммолар ҳал қилинган бўларди. Меҳмонхоналардаги хизмат сифатининг пастлиги, қиммат нархга бир-бирига боғлиқ омиллар сабабчи ҳисобланади. Бу ерда асосий масала давлат ва хусусий сектор бирлашуви ҳисобланади. Улар ҳалигача «икки қутб»  бўлиб фаолият олиб боришади. Ягона занжир мавжуд эмас. 

Муҳаббат Маъмирова

Top