Жамият | 18:52 / 01.07.2019
16464
3 дақиқада ўқилади

Оиладаги келишмовчиликлар сабаб ота фарзандидан воз кечди

Фото: Depositphotos

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасига мувофиқ, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Чунки фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насаби давомчиси, оиласини мустаҳкам боғлаб турувчи меҳр-оқибат занжири ҳисобланади.

Афсуски, айнан шу муқаддас масъулият охирги пайтларда айрим юртдошларимизга малол келаётгандек туюлади. Чунки баъзи кимсалар томонидан ноҳақ гумон ва шубҳалар асосида ўз фарзандига нисбатан эътирозлар билдириш ҳолатлари учрамоқда.

Даъвогар М. Салимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) С. Салимовадан туғилган А. Салимов исм­ли фарзанди ўзининг боласи эмаслиги юзасидан эъ­тироз билдирган.

Аниқланишича, М. Салимов 2013 йил 14 майда С. Салимова билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурган. Биргаликдаги турмушларидан 2015 йил 6 июнда Акрам Салимов исмли фарзандлари туғилган. Аммо эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли улар аразлашиб, бирга яшамаган.

Даъвогар М. Салимов ўзининг даъво аризаси ва судда берган тушунтиришларида ҳеч қандай далил ва асоси бўлмаса-да, бола ўзининг фарзанди эмаслигини маълум қилган. Шу сабабли биринчи инс­танция су­ди томонидан даъвогарнинг важлари асосида одам ДНКси суд-биологик экс­пертизаси тайинланган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази 2016 йил 18 августдаги хулосасини судга тақдим қилган. Унда даъвогар М. Салимов 2015 йил 6 июнда туғилган А. Салимовнинг отаси экани тасдиқланган.

Аммо бунга қарамай, М. Салимов ушбу экспертиза хулосасини ҳам шубҳа остига олган. Бу хулоса асоссиз ва ноқонуний равишда берилганини маълум қилиб, суд қарори устидан назорат тартибида шикоят берди.

М. Салимовнинг талаби асосида Олий суд томонидан яна одам ДНКси суд-биологик экс­пертизаси тайинланди. Шу тариқа 2019 йил 15 июндаги экс­пертиза хулосасида ҳам даъвогар М. Салимов 2015 йил 6 июнда туғилган А. Салимовнинг отаси экани такроран ўз тасдиғини топди.

Бу ўз-ўзидан М. Салимовнинг даъвосини қаноатлантиришга асослар мавжуд эмаслигини билдиради. Шунинг учун Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 19 июндаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди.

Албатта, бу ўринда гап суд қарорининг ўзгаришсиз қолдирилганида эмас. Аксинча, ҳо­зирги кунда ҳаётда асоссиз гумонлар билан ҳатто ўз фарзандидан воз кечишга уринаётган кимсалар (уларни ота деб аташга ҳам тил бормайди) ҳам борлиги кишини қаттиқ ташвишга солади.

Акмал Муродов,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди судьяс

Сарвар Рахимов
Тайёрлаган Сарвар Рахимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид