11:23 / 02.07.2019
15891

Божхона кодексига жиддий ўзгартиш киритилиши кутиляпти

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 20 январда қабул қилинган ЎРҚ–400-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кутиляпти:

195-модда (Божхона кўриги):

тўртинчи қисми “гиёҳвандлик воситалари” деган сўзлардан кейин “уларнинг аналоглари” деган сўзлар билан тўлдирилади;

407-модда (Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни назорат остида етказиб бериш) қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“407-модда. Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналоглари, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни назорат остида етказиб бериш
 
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорлар халқаро ноқонуний муомалада бўлишининг олдини олиш ҳамда бундай муомалада иштирок этаётган шахсларни аниқлаш мақсадида божхона органлари ҳамда бошқа тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳар бир алоҳида ҳолда чет давлатнинг божхона органлари ва бошқа ваколатли органлари билан келишувларга кўра ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида назорат остида етказиб бериш тезкор-қидирув тадбиридан фойдаланади, яъни ноқонуний муомалага киритилган гиёҳвандлик воситаларининг, уларнинг аналогларининг, психотроп моддаларнинг ва прекурсорларнинг ўз назорати остида божхона ҳудудига олиб кирилишига, бу ҳудуддан олиб чиқилишига ёки транзит тарзида олиб ўтилишига йўл қўяди.

Назорат остида етказиб бериш тезкор-қидирув тадбири жиноят содир этиш қуроли ёки воситаси бўлган бошқа ашёларга ёхуд жиноий йўл билан топилган ашёларга ёки улар билан қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар содир этиш контрабанда ҳисобланувчи ашёларга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин.

Назорат остида етказиб бериш тезкор-қидирув тадбиридан фойдаланиш тўғрисидаги қарор тегишлича тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар билан келишилган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан қабул қилинади.

Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни назорат остида етказиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда Ўзбекистон Республикасида жиноят иши қўзғатилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қабул қилинган қарор тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини дарҳол хабардор қилади”.

408-модда (Назорат остида етказиб бериш амалга оширилаётганда божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни, прекурсорларни ва бошқа ашёларни олиб қўйиш ёки алмаштириш):

номидаги “гиёҳвандлик воситаларини” деган сўзлардан кейин “уларнинг анологларини” деган сўзлар билан тўлдирилади;

биринчи қисмидаги “гиёҳвандлик воситалари” деган сўзлардан кейин “уларнинг анологларни” деган сўзлар билан тўлдирилади;

409-модда (Назорат остида товар етказиб бериш усули қўлланилганда мусодара қилинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни тасарруф этиш) қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“409-модда. Назорат остида товар етказиб бериш тезкор-қидирув тадбири ўтказилганда мусодара қилинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни тасарруф этиш
 
Ўзбекистон Республикасининг ва чет давлатларнинг судлари томонидан очиш ва чек қўйиш пайтида назорат остида товар етказиб бериш тезкор-қидирув тадбири ўтказилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича мусодара қилинган пул маблағлари, шунингдек бунда мусодара қилинган мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари божхона органлари ва бошқа ваколатли органлари мазкур тадбирни ўтказишда иштирок этган давлатлар ўртасида Ўзбекистон Республикасида тезкор-қидирув тадбирни ўтказган ваколатли орган ва чет давлатларнинг ваколатли органлари ўртасидаги келишувга мувофиқ тақсимланади”.

Амалдаги таҳрир: “409-модда. Назорат остида товар етказиб бериш усули қўлланилганда мусодара қилинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни тасарруф этиш

Ўзбекистон Республикасининг ва чет давлатларнинг судлари томонидан очиш ва чек қўйиш пайтида назорат остида товар етказиб бериш усули қўлланилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар бўйича мусодара қилинган пул маблағлари, шунингдек бунда мусодара қилинган мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари божхона органлари ва бошқа ваколатли органлари мазкур усулни қўллашда иштирок этган давлатлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва чет давлатларнинг ваколатли органлари ўртасидаги келишувга мувофиқ тақсимланади”.

Top