Ўзбекистон | 11:27 / 06.07.2019
7610
2 дақиқада ўқилади

Касаба уюшмаларининг ҳуқуқлари кўпаяди

Фото: parliament.gov.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.

Мажлисда касаба уюшмаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти, фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечди. 

Бир гуруҳ депутат томонидан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат орқали давлат органлари, иш берувчилар билан касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тартибга солинмоқда. Жумладан, касаба уюшмаларига ижтимоий-иқтисодий масалалардаги қарорлар қабул қилинаётганда иштирок этиш, бандликка кўмаклашиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишни сўраб тақдимномалар киритиш, ходимларни оммавий ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорларнинг муддатини муайян муддатга тўхтатиб туриш ва бошқа шу каби ҳуқуқлар берилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ишчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда касаба уюшмаларига қулай шароитлар ва кафолатларнинг яратилишига, давлат органлари, иш берувчилар ҳамда касаба уюшмаларининг ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид