Миллий гвардияга янги ваколат берилди
Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.
Қонун билан Миллий гвардия органлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўрувчи ҳамда суриштирув органлари қаторига киритилди.
Миллий гвардия жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, аҳолини турли ички таҳдидлардан, жиноий ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоя қилиш, шунингдек Миллий гвардиянинг ваколатига киритилган давлат аҳамиятидаги махсус вазифаларни бажариш учун мўлжалланган.
Миллий гвардияда ўз фаолиятини махсус воситалар, шакллар ва услублар билан амалга оширадиган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилиш функциясига эга бўлган махсус ваколатли давлат органидир.
Миллий гвардия ўз ваколатлари доирасида қуйидаги асосий йўналишлар бўйича фаолият олиб боради:
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;
давлат аҳамиятига эга махсус вазифаларни бажариш, шу жумладан жамоат тартибини, жисмоний ва юридик шахсларнинг хавфсизлигини жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш, қуролланган жиноятчилар ҳамда террорчилик гуруҳларини қўлга олиш ва йўқ қилиш, тезкор-қидирув ва бошқа махсус тадбирларни жанговар таъминлаш;
қўриқлаш фаолияти соҳасида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашни ташкиллаштириш ва таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек давлат қўриқлаш органлари фаолиятини назорат қилиш;
фуқаровий ва хизмат қуроллари ҳамда улар ўқ-дориларининг муомалада бўлиши соҳасини назорат қилиш;
фуқаровий ва хизмат қуроллари муомаласи соҳасида лицензиялаш ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шунингдек лицензия ва рухсат этишга оид талабларга ҳамда шартларга риоя этилишини назорат қилиш;
қонунчиликка мувофиқ жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва суриштирувни ўтказиш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир ишларни юритиш, тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш;
Миллий гвардия кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш тизимини, шунингдек ҳарбий хизматчилари ва ходимларини ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилишни ташкил қилиш;
расмий учрашувларда ва чет давлатлар расмий вакиллари, хорижий делегацияларни кузатишда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказиладиган юқори даражадаги байрам ва тантанали маросимларда расмий тантанали тадбирларни ўтказиш;
жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан оммавий тадбирларни ўтказишда ва аҳоли гавжум бўладиган жойларда давлат органларига бевосита кўмаклашиш;
қўриқланадиган шахслар хавфсизлигини таъминлашда, шу жумладан фавқулодда вазиятлар шароитида, алоҳида даврларда ҳуқуқий режимни таъминлаш ва террорчиликка қарши операциялар ўтказишда иштирок этиш;
Қуролли Кучларнинг жанговар қўллаш режаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий мудофаасида, шунингдек, террорчилик ҳаракатлари ва табиий ҳамда техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан юклатилиши мумкин бўлган бошқа вазифаларни бажариш.
Мавзуга оид
11:50 / 20.11.2024
Президент: 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин
17:35 / 18.11.2024
Ўзбекистонда омбудсман тўғрисидаги қонун қабул қилинди
09:59 / 13.11.2024
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди
15:01 / 05.11.2024