Жаҳон | 23:38 / 10.07.2019
12033
2 дақиқада ўқилади

Арманистон йирик блэкаутни бошдан кечирмоқда

Арманистон пойтахти Ереванда метро, иссиқлик электр маркази тўхтаб қолди, чироқ, телефон алоқаси ва интернет йўқ. Бундай йирик блэкаутни мамлакат эслай олмайди.

Метрога электр узатиш тўхтаб қолган, поездлар туннелларда қолиб кетган. У ердан 12 мингга яқин одам олиб чиқилган. Жабрланганлар йўқ.

Арманистон ҳудудий бошқарув ва инфратузилмалар вазирлигида электр таъминотидаги узилишга энергия тармоғидаги сакраш олиб келгани маълум қилинган. Дастлаб Раздан, сўнгра Ереван иссиқлик электр маркази ва бошқа майда станциялар ўчирилган. 

Ҳозирда кучланишда сакрашлар йўқ. Ҳукумат ва фавқулодда хизматлар носозликларни бартараф этиш учун кучайтирилган тартибда иш олиб бормоқда. Авария сабабини махсус ишчи гуруҳ ўрганмоқда.

Арманистон соғлиқни сақлаш вазири Арсен Торосян фуқароларни элекр энергияни тежаб ишлатишга чақирган. “Энергияни муҳим муассасаларга етиши учун максимал тежаб ишлатишни сўрайман. Ортиқча чироқни, кондиционерларни ўчириб қўйинг”, деб ёзган Торосян ижтимоий тармоқда.

Мавзуга оид