Жаҳон | 16:00 / 10.07.2019
65376
2 дақиқада ўқилади

Украина шарқида ўзбекистонлик ёлланма жангчи отиб ўлдирилди

Ҳожиакбар Шарипов

3 июль куни, Украина шарқида давом этаётган қуролли тўқнашувлар давомида, «Донецк халқ республикаси» («ДХР») ҳарбийлари сафида жанг қилган ўзбекистонлик эркак ўлдирилди.

Бу ҳақда Украина армияси зобити Анатолий Штефан (Штирлиц) хабар берди. Штефан ўз хабарига рухдан ишланган тобутда ётган Ҳожиакбар Шариповнинг суратини қўшиб қўйган.

Штефаннинг сўзларига кўра, 3 июль куни ўлдирилган Ўзбекистон фуқароси, Навоий вилоятидан бўлган 32 ёшли Ҳожиакбар Шариповнинг жасади 6 июль куни ватанига жўнатилган.

«Миротворец» сайтида ҳам Шарипов йўқ қилингани ҳақида хабар берилди. Маълумотда айтилишича, 32 ёшли Ҳожиакбар Шарипов илгари ҳам ўқдан яраланган.

Шариповни шахсан таниган «ДХРчилар»нинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғида ёзишича, асли навоийлик бўлган, «ўзбек» лақабли эркак Донецк аэропорти учун жангларда, шунингдек, Блесна, Авдеевка ва Промкадаги тўқнашувларда иштирок этган, яқин келажакда эса Ўзбекистонга бориб келишни режалаштирган бўлган.

Донбассдаги жангларда иштирок этаётган ўзбекистонликларнинг сони ҳақида расмий маълумот йўқ.

 

Мавзуга оид