Ўзбекистон | 15:40 / 13.07.2019
9286
2 дақиқада ўқилади

Туркия компанияси Наманганда замонавий туристик мажмуа барпо этади

Наманган вилоятининг Нанай қишлоғида замонавий туристик мажмуа барпо этиш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди, деб хабар берди Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, вилоят ҳокимлигида мазкур сайёҳлик зонаси лойиҳасини тайёрлашга жалб этилган Туркиянинг “Idealist” меъморчилик ва муҳандислик компанияси томонидан тақдимот ўтказилди.

Ижроси узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳадан сайёҳлик инфратузилмасининг кўплаб объектлари ўрин олган. Улардан бири Нанай кичик туризм маркази 27,9 гектар майдонда барпо этилади. Марказ таркибига 251 ўринли тўрт юлдузли ва 549 ўринли беш юлдузли меҳмонхона, 4000 ўринли қишки ва ёзги томошалар зали, кўргазмалар маркази, ҳунармандлик устахоналари, шунингдек, қатор кўнгилочар иншоотлар киритилган. 

Нанай туризм маркази эса 14,5 гектар ҳудудда жойлашиб, унда иккита беш юлдузли меҳмонхона, 549 кишига мўлжалланган устки нафас йўллари ва диабет касалликларини даволаш сиҳатгоҳи, 78 та вилла-меҳмонхона, замонавий савдо маркази, ресторан ва кафелар, тоғ дор йўли сингари иншоотларни барпо этиш кўзда тутилган.

Тақдимот чоғида ҳудуд табиий шароитларидан фойдаланган ҳолда экологик туризмни юқори даражада ривожлантиришга йўналтирилган сайёҳлик мажмуаси лойиҳасига бир қатор қўшимчалар киритиш таклифи билдирилди. Кейинги босқичда лойиҳадан ўрин олган бино ва иншоотлар қурилиши инвесторларга тақдим этилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид