16:38 / 13.07.2019
7591

Электр таъминоти корхонасининг замонавий намунаси Яшнобод тумани мисолида ташкил этилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча соҳаларида бўлгани каби электр энергетикаси соҳасида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўтган қисқа фурсат ичида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида электр энергетикаси тизими мутасаддилари билан ўтказилган учрашувлари, ҳудудларга ташрифи давомида берган таклиф ва тавсиялари ҳамда соҳани комплекс ривожлантиришга қаратилган қатор фармон, қарорлари асосида тизим фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилиб, янгича кўринишда ташкил этилаётгани фикримиз исботидир.

Ушбу эзгу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида пойтахтимизнинг Яшнобод туманида электр таъминоти корхонасининг янги, уч қаватли замонавий биноси қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Натижада, туман аҳолиси учун электр энергетикаси таъминоти янада яхшиланиб, малакали мутахассислар томонидан истеъмолчиларга энг замонавий технологиялар асосида инновацион хизмат кўрсатиш имкониятлари яратилди.

Тадбирда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев ўз сўзида фойдаланишга топширилаётган ушбу бинода истеъмолчиларга узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш, мурожаатларга ўз вақтида жавоб бериш ҳамда дунё андозаларига мос равишда хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилганини таъкидлаб ўтди.

Мазкур замонавий бинода барча қулайликка эга бўлган холл ва заллар истеъмолчилар хизматида. Қолаверса, рўйхатга олиш ишларини тизимли равишда йўлга қўйиш мақсадида замонавий талабларга тўла жавоб берувчи учта монитор ҳамда юқори тезликда ишловчи бепул Wi-Fi тармоғи ҳам жорий қилинди. Бундан ташқари, мижозлар учун ўзбек ва рус тилларида соҳага оид маълумотлар, видеороликлар электрон таблоларда акс этиб туради.

Шунингдек, “Фуқаролар қабулхонаси” ва “Корхона юристконсулти”, туну кун ишлайдиган диспетчерлик хонаси, электромонтёрлар техник машғулотлар ўтказиши учун замоновий полигон ва корхона ҳовлисида ходимлар учун ошхона ҳам қуриб фойдаланишга топширилди.

Яна бир муҳим янгилик – жорий йилнинг август ойидан бошлаб “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Яшнободдаги 71226 та истеъмолчининг барчасига электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни ўрнатиш ишлари ҳам бошланади.

Тадбир иштирокчилари бинонинг бўлим ва хоналарида бўлишиб, яратилган шароитлар, жиҳозланиши, мавжуд техник ва технологик ускуналари билан танишди. Электрон навбатга ёзилиш, рўйхатхона иш фаолияти ва бошқа техник имкониятларнинг амалда қўлланилишини бевосита кузатишди. Улар муассасанинг моддий ва техник имкониятларига, яратилган шароитларга юқори баҳо беришди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Матбуот хизмати.

Top