Жамият | 19:10 / 16.07.2019
88567
13 дақиқада ўқилади

Пулли тонировка – адолатсизликми ёки мантиқсизлик?

Юртимизда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетиши транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳаракат вақтида қуёш нуридан ҳимояланишга бўлган зарурати ва эҳтиёжини ҳар доимгидан-да кўпроқ оширди. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ автомашина ойнасини қорайтириш учун белгиланган чеклов ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида фаол муҳокамаларга, аксарият ҳолатларда жиддий норозиликларга сабаб бўлмоқда. Долзарб мавзуга айланган ушбу масала бўйича ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикр ва мулоҳазалар Kun.uz таҳририяти томонидан таҳлил қилинди.

Маълумки, ҳукуматнинг 2018 йил 18 июлдаги «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2018 йил 1 августдан бошлаб, жисмоний ва юридик шахсларга туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат берилди.

Тўлов эса 1 йил муддатга:

  • жисмоний шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баравари (18 245 700 сўм);
  • юридик шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 120 баравари (24 327 600 сўм);

Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 140 баравари (28 382 200 сўм) миқдорида белгиланди.

Қарорни ўқий туриб, уни қабул қилишдан кўзланган асосий икки мақсадни кўриш мумкин.

Булар:

  • транспорт воситалари ҳайдовчилари учун қулай шароитлар яратиш;
  • республика ҳудудига ташриф буюрадиган туристлар учун қулай шароитлар яратиш.

Бежизга тонировка учун рухсат беришнинг мақсадидан сўз очмадик. Эътибор берган бўлсангиз, гап «транспорт воситалари ҳайдовчилари» ва «республика ҳудудига ташриф буюрадиган туристлар»га қулайлик яратиш ҳақида кетмоқда. Масаланинг шу ерида қарордан кўзланган мақсад рухсатнома бериш учун белгиланган миқдор билан мувофиқ келмай қолади.

Чунки, Ўзбекистон шароитида ҳамма ҳайдовчилар ҳам бир йил ойнаси қорайтирилган машинада юриш учун 2000 АҚШ долларидан ортиқ маблағни сарфлаб юборишга қодир эмас.

Туристлар масаласига тўхталадиган бўлсак, тонировкага рухсат берилишининг айнан қайси жиҳати амалда туристлар учун шароитларни яхшилаши бироз мавҳум бўлиб қолмоқда.

Энди қарорда кўзда тутилган (ёзилган) мақсадларни бир четга суриб қўйиб, холис фикр юритиб кўрамиз.

Маълумки, Ўзбекистоннинг иқлим шароити бирмунча иссиқ ва йилнинг ярмидан кўп қисми қуёшли кунларга тўғри келади. Шуни ҳисобга оладиган бўлсак, қорайтирилган ойна кўпроқ қуёш нуридан ҳимояланиш учун, яъни табиий эҳтиёж учун керак. Оддий ҳаётда қуёш нуридан ҳимояланишнинг қатор усулларини санаш мумкин: кўзойнак, соябон, бош кийим (шляпа, кепка) ва ҳ.к. Буларнинг ҳаммаси табиий ҳодисалардан ҳимояланиш ҳисобланади ва буларнинг хеч бирига тақиқ ёки чеклов белгиланмаган. Бундай шаклдаги эҳтиёжни қондириш бирор-бир тарзда чекланиши ёки сотилиши ҳам.

Автомашина шахсий ёки бирор корхона мулки бўлиши мумкин. Ундаги ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) оддий безак эмас. Бу ўринда гап автотранспорт воситаси ичидаги инсон саломатлиги ҳақида кетмоқда. Саломатликни табиий йўл билан сақлаганлик учун жарима ундирилиши ёки уни сотиб олишни таклиф қилиш қанчалик мантиққа тўғри келади?

Ваҳоланки, амалдаги қонун ҳужжатларида шундай нормалар белгиланганки, унга кўра шахс ўз хавфсизлиги таъминламагани учун жаримага тортилади. Масалан, хавфсизлик камари.

Бундан ташқари, шу вақтга қадар бирор расмий манбада тонировканинг жамият учун хавфли ёки хавфсизлиги эътироф этилмаган. Борди-ю тонировка жамият учун хатарли, жиноятчилик кўпайиб кетишига сабаб бўлади дейилса (баҳона қилинса), унда умуман рухсат бермаслик керак эди. Ушбу сабабни ўринли ҳисоблаган ҳолда мантиқни ишга соладиган бўлсак, тонировкага имконияти бўлган аҳоли қатлами учун пул эвазига жиноят содир этишга шароит яратиб берилаётган бўлиб қолмайдими?

Барчага маълумки, шу кунларда ер шарининг катта қисми, жумладан Ўзбекистон ҳудудида ҳам аномал иссиқлик ҳукм сурмоқда. Бу эса куннинг асосий қисми кўчада ўтувчи ҳамюртларимиз, айниқса ҳайдовчилар ва йўловчилар учун автотранспорт воситаларида ҳаракатланишда катта қийинчиликлар туғдирмоқда.  

Тиббиёт соҳаси вакилларининг таъкидлашича, қуёшдан тарқалаётган ультрабинафша нур таъсирида терида узлуксиз оксидланиш-қайтарилиш реакцияси кечар экан. Қуёш иссиқлигининг бошга таъсири натижасида бош мия фаолияти бузилишига олиб келади, натижада организмда тер ишлаб чиқариш тизими бузилишидан ташқари қон айланиш фаолияти издан чиқади. Томирлар кенгайиб кетади ва бутун танада қон айланиши секинлашиб, бош мия фаолиятида салбий ўзгаришларга олиб келади. Қорайтирилган ойнали автомобилда ҳаракатланиш бу каби касалликларга чалинишнинг олдини олишга хизмат қилиши таъкидланган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири плёнка тортилган ойнанинг фойдали жиҳатларидан яна бири сифатида ойнанинг зарбга нисбатан чидамлилиги ортиши ва йўл транспорт ҳодисаси вақтида парчаланиб инсон танасига сачрашининг олдини олишини келтириб ўтган.

Бошқа бир фойдаланувчи ўз фикрида қорайтирилган ойна машина ичида қолдириб кетилган буюмлар ўғирланиши олдини олишга хизмат қилиши ҳақида ёзади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, қорайтирилган ойна қуёш нуридан асраши натижасида автомашина салонида нисбатан салқин об-ҳаво ҳукм суради ва бу жазирамада кондиционернинг совитиш фаоллигини ошириб, ёқилғини тежашга олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга ва ундан эркин фойдаланишга тақиқ қўйилиши ортида ҳам қатор зиддиятли баҳс ва мунозаралар юради.

Жумладан, ЙҲХ ходимларининг ушбу мавзудаги саволларга берган жавобларини бир эслайлик: «Биз қаердан биламиз, автомашинада ким кетяпти, у нима қиляпти?». Буни асослаб бўлмайдиган ҳамда ҳар томонлама қўшилиш мумкин бўлмаган, шу билан бирга кулгили ва ғоятда мантиқсиз фикр дейиш мумкин. Чунки, бу фикр билан иш тутилса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари кўриб туришлари учун шахс турар жойидаги пардаларни олиб ташлаши лозим (бироз кулгили, шундай эмасми). Ахир ҳар куни хонадонларда, ёпиқ иншоотларда қанчадан қанча жанжал, ўғрилик ва бошқа жиноятлар содир этилади. Бу кўрсаткич қора ойнали машина ичида содир этиладиган жиноятлардан бир неча минг марта кўпроқни ташкил қилади.

Қолаверса, жиноятчилик ва унинг аҳволи хусусида таҳлил юритувчи ички ишлар ёки прокуратура органлари томонидан шу кунгача бирор марта ҳам республикада қорайтирилган ойнали автотранспорт воситалари билан боғлиқ ҳолда содир этилган жиноятлар статистикаси юритилмаган. Ва умуман, қорайтирилган ойнали машиналар айнан қайси турдаги жиноятлар ошишига сабаб бўлади: одам ўлдиришми, одам савдоси ёки ўғрилик жиноятими, бу каби саволларга ҳам аниқ жавоблар мавжуд эмас.

Ойнаси қорайтирилган машина ичида жиноят содир этилса уни аниқлашнинг (ёки шахсни таниб олишнинг) имкони бўлмай қолиши ҳақидаги фаразни фургон шаклидаги машиналар-чи, унча-мунча рентган мосламаси ҳам кўра олмайдиган усти ёпиқ юк машиналари-чи, каби саволлар билан йўққа чиқариш мумкин.

Мантиқни ишлатиб, фикр юритиб кўрилса, қорайтирилган ойнали машинада таниб олишнинг имконияти чекланишига хавф сифатида қаралиши пиёда юрган фуқаронинг кўзига кўзойнак тақиб, бошига бош кийим кийиб, соқол қўйиб олишига, ёки бўлмасам шарф ўраган хонимларга шундай хавф нуқтаи назари билан қараш кераклигини англатмайдими? Қолаверса, жиноят содир этиш учун энг қулай жой ойнаси қорайтирилган автомашинанинг ичи эмаслиги бу сабабни йўққа чиқарувчи омиллардан биридир. 

Гувоҳи бўлганингиздек, тонировка рухсат этилмаслигининг арзирли бир сабаби йўқ. Шунчаки, тақиқлаб қўйилган, тамом.

Маълумки, туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан илгари сурилган. Тонировкага пуллик асосда рухсат бериш ташаббусини Молия вазирлиги илгари суряптими, демак англашимиз лозимки, бундан кўзланган мақсад давлат ғазнаси сари янги «ирмоқ» очиш, дейиш мумкин.

Қарор қабул қилинди-ю, ҳаммада бир хил савол пайдо бўлди: «Нега бунча қиммат?». Дарҳақиқат, туси ўзгартирилган ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланиш учун рухсатнома олиш бўйича Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган нархни бошқа ҳеч бир давлатда учратмайсиз, бир йиллик рухсатнома учун 2000 АҚШ доллари (!!!)дан кўпроқ маблағ талаб этилади.

Жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб айтиш шуни мумкинки, автотранспорт воситаси ойнасини қорайтиришга рухсатнома олиш учун энг қиммат тўлов миқдори Ўзбекистонда белгиланган.

Ваҳоланки, Давлат статистика қўмитаси тақдим этган маълумотга кўра, 2018 йилда Ўзбекистон Республикасида ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 1 млн. 684 минг сўмни (200 АҚШ доллари) ташкил этган. Бу дегани ўртача ойлик иш ҳақи олиб ишловчи фуқаро қорайтирилган ойнали машинада юриши учун 11 ой емай-ичмай ишлаши ва пул тўплаши лозим. Ўз-ўзидан маълум бўладики, ҳукуматнинг бу қарори оддий «транспорт воситалари ҳайдовчилари» учун эмас.

Масалан, қўшни Тожикистонда тонировканинг бир йил учун нархи кўпи билан 4730 сомони (тахминан 500 АҚШ доллар), Россия Федерациясида эса 3500 рублни (тахминан 55 АҚШ доллари) ташкил қилар экан. Яна бир қўшни давлат Қирғизистонда ҳам пуллик тонировкага рухсат бериш ва унинг нархини 450-500 АҚШ доллари миқдорида белгилаш таклифи илгари сурилган.

Ҳаттоки, Америкадек ривожланган давлатнинг айрим штатларида ҳар бир автотранспорт воситаси учун ойналарини қорайтириш мажбурий этиб белгиланган.

Хорижий амалиётни ўрганиб бир хулосага келиш мумкин: автомашина ойнасини қорайтиришдан мақсад қуёш нуридан сақланиш ва салон ичидаги ҳароратни бироз бўлса-да салқин ушлашга қаратилган.

Барчага маълумки, шу кунларда ер шарининг катта қисми, жумладан Ўзбекистон ҳудудида ҳам аномал иссиқлик ҳукм сурмоқда. Бу эса куннинг асосий қисми кўчада ўтувчи ҳамюртларимиз, айниқса ҳайдовчилар ва йўловчилар учун автотранспорт воситаларида ҳаракатланишда катта қийинчиликлар туғдирмоқда.

Ҳукуматнинг биз юқорида тилга олган қарори қайсидир маънода тонировкаланган машиналардан фойдаланишни эркинлаштириш учун қадам бўлди, десак адашмаган бўламиз. Зеро, бу биринчи қадам бўлиб, келгусида бу масалада янада адолатли, фуқаролар учун тенг имкониятлар яратувчи янги қарорлар қабул қилинишига ишора бўлган бўлса ажаб эмас.

Тонировкага рухсатнома олиш учун қанча миқдорда давлат божи тўланиши ва унинг миқдори нақадар баландлиги ҳамда унга ҳамманинг ҳам имконият йўқлиги ҳақида юқорида ёздик. Энди таҳлил қилиб кўрсак. Норасмий манбалардан олинган маълумотларга кўра, 2018 йил 1 августидан буён республика бўйича 1500тага яқин автомашина эгалари энг кам иш ҳақининг 90 баробари миқдорида бож тўлаб, бир йил давомида ойнаси қорайтирилган машинада юриш учун рухсат олишган. Бу дегани республика бюджетига айнан шу йўналишдан 27 млрд. сўмдан ошиқроқ (қарийб 3 млн. АҚШ доллари) маблағ келиб тушган.

Давлат статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, 2017 йилда республикадаги ҳар 100та уй хўжалигининг 44таси (44 фоиз) енгил автомобиллар билан таъминланган. Бу эса республика аҳолиси фойдаланувида ўртача 2,5 миллион донадан ортиқ автотранспорт воситаси борлигини англатади. 

Айтайлик, ойига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида белгиланса ва республикада жами мавжуд автотранспорт воситаларининг юз мингтаси бундан фойдаланса давлат бюджетига қанча тушум бўлиши мумкинлигини ҳисоблаб кўрамиз:

100 000 х 202730= 20 273 000 000 (йигирма миллиард икки юз етмиш уч миллион) сўм;

12х 20 273 000 000= 243 276 000 000 (икки юз қирқ уч миллиард икки юз етмиш олти миллион) сўм. Бу сал кам 30 млн. АҚШ доллари дегани. Агар машинасининг ойнасини қорайтирувчилар сони бундан-да кўп бўлса, давлат бюджетига тушум ҳам шунга яраша ортиб бораверади. Энг муҳими, бир йиллик рухсатноманинг баҳоси қиммат бўлмаса ҳайдовчи бундан фойдаланади ва шу йўл билан тушум узлуксизлиги таъминланади.

Дилшод Абдуқодиров

Ҳуқуқшунос

Мавзуга оид

Эълонлар

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

“Asialuxe Travel” билан Ҳургадага: денгиз, қуёш ва шарқона эртак

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

“Asialuxe Travel” билан Ҳургадага: денгиз, қуёш ва шарқона эртак

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

“Asialuxe Travel” билан Ҳургадага: денгиз, қуёш ва шарқона эртак

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти